Ўзбекистон Футбол ассоциацияси президенти, Давлат хавфсизлик хизмати раиси Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчиларига мурожаат билан чиқди.

5 сентябрь куни миллий терма жамоа 2022 йилги жаҳон чемпионати Осиё саралаш босқичининг иккинчи раунди доирасида биринчи учрашувни етказади. Ёшлар терма жамоаси 2020 йилги Токио Олимпиадасига чиқиш учун саралаш босқичи ҳисобланган Осиё чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда.

Ҳозирда ҳар икки терма ҳам Тошкентда тайёргарлик йиғинларини етказмоқда. Ўйинчилар олдида Ўзбекистон Футбол ассоциацияси, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарияти ҳар икки жамоа ўйинчилари ва мураббийлари билан учрашув ўтказди.

Учрашувда Футбол ассоциацияси президенти Абдусалом Азизов, Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов ҳамда ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов иштирок этди.

Абдусалом Азизов футболчилар бўлғуси ўйинларга бор фикру хаёли билан тайёр бўлишлари лозимлигини таъкидлади.
«Олдимизда кўплаб масъулиятли ва жиддий ўйинлар турибди. Ўзбекистон термаси ҳеч қачон жаҳон чемпионати ва Олимпия ўйинларида қатнашмаган. Ҳар сафар бизга нимагадир 1 очко ёки 1 та гол етишмайди. Ишқибозлар учун бу қайғули натижа. Кўпинча буни омад етишмаслиги билан боғлаймиз. Бироқ омад меҳнат ва ҳаракатга боғлиқ. Муваффақият ҳар доим меҳнаткаш одамга эргашиб юради. Шунинг учун биз бўлғуси ўйинларга бор фикру хаёлимиз билан тайёр бўлишимиз керак. Биз ўтмишдаги хатолардан тўғри хулосалар чиқара олишимиз керак», — деди у.
ЎФА раҳбари ўйинчи ҳар доим майдонга сўнгги ўйин каби чиқиши лозимлигини таъкидлади.