Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Туркиянинг MNGrup компанияси расмийларини қабул қилди, дея хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати. Туркиялик инвесторлар вилоятда янги қурилиши режалаштирилаётган халқаро аэропортнинг 2 турдаги таклифий лойиҳаларини тақдим этди.

Қайд этилишича, водийда ягона бўлувчи ҳаво бандаргоҳи 9 та йўналиш, 5та Россия, Истамбул, Дубай, Абу Даби, Корея давлатлари бўйича парвозларни амалга оширади, бир соатда 6 та рейсни қабул қилиб, кузата олади, бир кунда 15 мингдан ортиқ мижозга хизмат кўрсатишга қодир.

Хорижлик ишбилармонлар билан бўлиб ўтган аввалги учрашувлар чоғида вилоят раҳбари Андижонда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспортини йўлга қўйишда катта имконият борлиги учун, айнан бу йўналишда аэропортда карго ташкил қилиш бўйича ҳам таклиф берган эди.

Таклифга кўра янги мажмуада мева-сабзавотларни узилган ҳолидек узоқ муддат сақлаб туриш қувватига эга бўлган музлатгичли омборхоналар ҳам ташкил этилади. Бундан кўзланган бош мақсад вилоятимиз ҳудудида етиштирилган мева ва сабзавотларни жаҳон бозорига ўз сифатини сақлаган ҳолда етказиб беришдир. Лойиҳанинг умумий қиймати 120 млн еврони ташкил қилади.

Янги тайёрагоҳ ишга тушса нафақат Андижонликларнинг балки, водий вилоятлари фуқаролари ҳамда тадбиркорларининг узоғи яқин, ортиқча ҳаражатлари тежалади, дейилади хабарда.