28 август куни ижтимоий тармоқларда Spark ва Nexia машиналари ҳайдовчиларининг бир итни атайин босиб кетишга урингани тасвирланган видеоёзувлар тарқалди. Биринчи ҳолатда йўлдан ўтаётган итни Nexia ҳайдовчиси босиб кетишга ҳаракат қилади, ундан кейин эса Spark ҳайдовчиси уч бора уринади. Иккинчи видеода эса ЙПХ ходими итга ғишт улоқтиради.

Самарқанд вилоят ИИБ матбуот хизмати «Газета.uz»га чоршанба куни соат 1:30 да Давлат санитария-эпидемиология маркази яқинида оқ-қора ит кўп сонли одамларга ташлангани ҳақида хабар қилди.

Шаҳар ДСЭМ ва ветеринария бўлими мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи қидирув тадбирларини ўтказиб, 2−3 ёшлардаги итнинг жами 15 кишига ташлангани, улар турли даражадаги тирнаш ва тишлаш жароҳатларини олганини аниқлади.

ИИБ маълумотларига кўра, барча жароҳатланган Самарқанд вилоят травматология ва ортопедия шифохонасига ётқизилган. Уарга зудлик билан антирабик ёрдам (қутуришга қарши иммунизация) кўрсатилди. Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси жабрланганларнинг ҳолатини назорат остига олган.

3:00 да ЙПХ, жамоат тартибини сақлаш бошқармаси ҳамда ҳайвонларни тутиш бригадаси ходимлари қутурганликда гумон қилинаётган итни тутишга муваффақ бўлди. Жониворни тутиш вақтида ИИО ходимларидан бири ҳам тишлаш жароҳатини олди.

Кучук вилоят ветеринария бошқармасининг вирусология лабораториясига юборилган.