Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексига паспортнинг амал қилиш муддатини тўхтатиш тўғрисидаги норма жорий этилди. Тузатишлар киритиш тўғрисидаги қонун 28 август куни президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди. Ҳужжат 17 август куни Қонунчилик палатасида қабул қилиниб, 24 августда Сенатда маъқулланди. Ўзгартишлар 29 августдан кучга киради.

ЖПКнинг янги 245−1-моддага мувофиқ, айбланувчи, гумондорнинг суриштирув, дастлабки тергов ва суддан олдини олиш қочишининг, унинг келгусидаги жиноий ҳаракатларини тўхтатиш ва ҳукмларнинг ижро этилишини таъминлаш мақсадида паспортнинг амал қилиш муддати тўхтатилиши мумкин.

Паспортнинг амал қилиш муддаи айбланувчи ёки гумондор паспортдан фойдаланган ҳолда Ўзбекистондан чиқиб кетиши ёки чегарадан ташқарида ҳаракатланиши тахмин қилинаётганига етарлича асослар бўлган тақдирда тўхтатилади.

Паспортнинг амал қилиш муддатини тўхтатиш деганда паспорт, биометрик паспорт, хорижга чиқиш учун биометрик паспорт ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжатининг амал қилиш муддатини вақтинча тўхтатиш назарда тутилади.

Паспортнинг амал қилиш муддатини тўхтатиш фақатгина давлатлараро ёки халқаро қидирув эълон қилинган айбланувчи ёки гумондорга нисбатан қўлланилади.

Паспортнинг амал қилиш муддатини тўхтатиш Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилиш ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳуқуқий мақомини бекор қилишни англатмайди.