Шу йилнинг май ойида ижтимоий тармоқларда кўплаб шов-шувларга сабаб бўлган, «Андижонча спектакль» номини қозонган воқеанинг 6 нафариштирокчиси янги уй билан таъминланди. Бу ҳақда «Халқ сўзи Online» хабар берди.

Улар Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан президент ташрифи муносабати билан янги уйга кўчирилганлигини, давлати раҳбарининг ташрифидан сўнг уй тортиб олинганлиги тўғрисида хабар берган эдилар. Ўз навбатида вилоят ҳокимлиги ушбу 6 нафар аёллардан бир нафари коттеж уй билан таъминланганлигини, қолган 5 нафарига эса қурилиши давом этаётган кўп қаватли уйлардан хонадонлар ажратилишини маълум қилганди.

Республика мустақиллигининг 28 йиллиги арафаси Хуршида Тиллаева, Муяссар Раҳимова, Дилфуза Тешабоева, Шоҳиста Бакирова, Меҳриноз Абдувалиева, Ҳайринисо Эрматова янги хонадонга кўчиб ўтди.

«Бошимдан кўп савдолар ўтди. Бу орада тушунмовчиликлар ҳам бўлди. Бугун шу уйга кўчиб киргач, елкамдан тоғ ағдарилди гўё. Ўзимни енгил хис қила бошладим. Қалбимдаги барча ғуборлар тарқаб кетди. Аслида бошимга тушган шунча ташвишдан сўнг Россияга кетишга аҳд қилган эдим. Энди кўриб турганингиздек, уйим бор! Қолаверса, маҳалламизда фаолият юритаётган тикувчилик цехи раҳбарлари яна ишга қайтишимизни сўрашяпти. Уйим бўлганидан кейин, тайинли ойлик маош берувчи иш жойим бўлса, ўзга давлатга кетишга ҳожат ҳам йўқ», — дейди янги уй соҳибаларидан бири Муяссархон Раҳимова.