Яқинда ижтимоий тармоқларда катта шов шувга сабаб бўлган Яккабоғ туманидаги тадбиркорнинг дўкони маҳаллий ҳокимлик масъуллари томонидан қандай бузилган бўлса, шундай қайтадан тиклаб берилди. Аммо ҳокимият томонидан қайта таъмирланди, деган иддаолар ўз исботини топмади. Бу ҳақда «Xalq soʻzi"онлайн нашри хабар берди.

Тадбиркор Баҳриддин Исомовнинг ўғли Шарофиддиннинг хабар қилишича, воқеадан икки кунлардан кейин туман ҳокими ўринбосари бошчилигидаги одамлар келиб дўконнинг мажбурий бузилишини айтиб, уст қопламаси ва эшик ромларини қўпориб ташлаган эди.

Одамларнинг қаттиқ норозилигига олиб келган кейинги воқеалар ҳукумат даражасида кўриб чиқилиб, бу ишлар ноқонуний эканлиги аниқланди ва адолат тикланди.

Аммо Шарофиддиннинг таъкидлашича ҳали адолат тўлиқтиклангани йўқ.

— Кимдир дўконимизни ҳокимиятдан келиб таъмирлаб беришди, деган гапларни тарқатибди. Аслида ҳокимият одамлари ўзлари бузган нарсаларни жойига қўйишди, холос. Қолганини, яъни дўкон фасади ва пардозлаш ишларини ўз ҳисобимиздан, 20 миллион сўмга яқин маблағ сарф этиб, амалга оширдик. Ўша кунларда бизнинг мулкимизга катта зарар етди, албатта. Қайта тиклаб бўлмайдиган нарсаларни энди суд орқали ундиришимизга тўғри келади. Умуман, бизга ҳокимиятнинг муруввати керак эмас, ўзимизнинг кучимиз етади. Фақат ҳозир тергов ишлари давом этаётгани учун отамизни эҳтиёт чораси сифатида ҳибсхонада ушлаб туришибди. У киши уйга қайтса, шу ердан туриб ҳам тергов ишларида иштирок этса, адолатдан бўлар эди, — деди тадбиркорнинг ўғли Шарофиддин.