Ўзбекистонда чиқиндилари плазма усулида утилизация қилиш технологиясини жорий этиш бўйича инвестицион лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда. Лойиҳа қиймати 15 млн долларни ташкил этади, дея хабар берди Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси «Газета.uz»га.

Утилизация жараёнига плазма технологиясини жорий этиш масаласи 27 август куни Экология қўмитаси қўмитаси раиси Баҳром Қўчқоровнинг Сингапурнинг Alpha Global Capital (S) Pte. Ltd. компанияси вакиллари билан учрашувида муҳокама қилинди. Томонлар ўзаро англашув меморандумини имзолади.

Мазкур технология кам чиқитли бўлиб, атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигига таъсири йўқ. Плазма усулида чиқиндиларни утилизация қилиш уларни саралашни талаб этмай, харажатлар нуқтаи назаридан ҳам мақбул, оддий усулда утилизация қилишга кетадиган харажатларни бир неча баробар қисқартиради, дея қайд этди Давлат экология қўмитаси.

Плазма технологияси ўзидан заҳарли газлар ва суюқликлар ажратадиган чиқиндиларни полигонларга кўмишга ҳожат қолдирмайди. Аксинча, унинг ёрдамида кунига беш тоннагча чиқиндини қайта ишлаб, иссиқлик ва электр энергияси ҳосил қилинади. Чиқиндиларни ёқиш натижасида чиқиндилар умумий ҳажмининг 5 фоизи миқдорида кул ҳосил бўлади. Кул эса ўғит сифатида қишлоқ хўжалигида ёки қурилиш материалларини ишлаб чиқариш жараёнида қўлланилиши мумкин.

Сингапурлик инвесторлар оқова сувларни тозалаш технологияларини татбиқ этиш йўналишида ҳам инвестицион лойиҳаларни ҳамкорликда амалга оширишга истак билдирдилар.