Жорий йилнинг 28 август куни соат тахминан 13:00 да пойтахтимиздаги Нурафшон кўчасида қурилаётган «Riviera» савдо мажмуаси ҳудудида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган вақтда юқоридан темир конструкция қулаган. Оқибатда 6 нафар қурувчи жароҳатланиб, улардан 4 нафари вафот этган. 2 нафари эса Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Жароҳатланганлар зудлик билан текширувлардан ўтказилиб, белгиланган тартибда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Жумладан, 45 ёшли О.Ш. ўнг товон суягининг синиши ташхиси билан ўрта оғир аҳволда, З.Р.эса аралаш травма, чап елка суягининг синиши ташхиси билан ётқизилган.

Беморлар малакали шифокорларнинг доимий назоратида бўлиб, уларга барча керакли тиббий муолажалар кўрсатилмоқда. Вазият юзасидан қўшимча маълумотлар берилади.