Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлиги 27 август куни Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида мактабга мажбурий бир йиллик тайёрловдан ўтган болаларнинг биринчи гуруҳига сертификатларни топширди, дея хабар қилди вазирлик матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Мактабга мажбурий бир йиллик тайёрлов лойиҳаси 2018 йил декабрда ишга туширилган эди. Синов босқичида Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона вилояти ва Тошкент шаҳридаги 11 минг нафар бола қамраб олинди. Дастур МТТларга қатнамайдиган болалар учун мўлжалланган.

МТТларга қатновчи болаларни ўқитиш «Илқ қадам» ўқув дастури доирасида амалга оширилиб, мактабга мажбурий бир йиллик тайёрловдан ўтиш талаб қилинмайди, дея қайд этди МТВ.

«Мактабга бир йиллик тайёрлов, бу — ушбу сўзнинг анъанавий маъносининг англатмайди. Педагоглар ўйин шаклида тарбияланувчиларни бўёқлар, ноталар, буюмлар ва теварак-дунёдаги ҳодисалар билан таништиради. Биринчи синфга келган бола ёмғир ёки дўлнинг нима эканини билади, автобусни автомобилдан, меваларни сабзавотлардан фарқини ажрата олади. Бу ёшда боланинг мияси ҳаракатчан ва қизиқувчан бўлади, унга доимий равишда озуқа бериш, ривожлантириш зарур. Таълим жараёни қизиқарли, ижодий, ёш хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда ташкил этилган», — деди мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.

Синов босқичи якунланиши билан МТВ бутун мамлакат бўйича мактабга мажбурий бир йиллик тайёрловни жорий этишга киришади. Мактабгача таълим тизимини ривожлантириш концепциясига мувофиқ, 2020 йилда 6 ёшгача болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш даражаси 85,2 фоизни, 2021 йилда эса 100 фоизни ташкил этиши лозим.

Келгусида биринчи синфга қабул қилишда давлат намунасидаги сертификат талаб қилинади. Ҳозирча бу масала Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги мутахассислари томонидан ишлаб чиқилмоқда, дейилади хабарда.