Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда «Ўзагротехсаноат» акционарлик жамияти раҳбар ходимлари иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси президентининг «Аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан ўз вақтида таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорининг ижроси ва моҳияти ҳақида маълумот тақдим этилди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасаддиларининг маълум қилишича, жорий йилда вазирлик томонидан 10 минг 640 дона (2,6 триллион сўмлик) қишлоқ хўжалиги техника ва агрегатларини етказиб бериш белгиланган. 2019 йилнинг 1-чорагида 2609 дона (128,1 миллиард сўмлик), шундан лизинг асосида 1 387 дона (34,2 миллиард сўм) янги техникалар етказиб берилган. Бугунги кунда техника паркини янгиланиш даражаси 2,1 фоизни, таъминланиш даражаси эса 87 фоизни ташкил этади.

«Мазкур қарор асосида фермерлар учун республикада ишлаб чиқарилган барча турдаги тракторлар, ғалла ва пахта сеялкалари, шунингдек, уч ёки ундан ортиқ омоч корпусларини харид қилиш учун кредит ва лизинг шартномалари бўйича фоиз харажатлари тижорат банклари ва лизинг компаниялари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 10 фоиз миқдорида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланиши белгилаб берилди», — деди қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва техник модернизациялаш бошқармаси бошлиғи Қодир Исмоилов.

Очиқ мулоқот давомида журналистлар фермерларнинг четдан техникани эркин олиб киришлари ёхуд чет эллик импортёрлар учун қишлоқ хўжалиги техникаларини Ўзбекистонга олиб киришда муайян тўсиқларга учраш ҳолатлари ҳақида савол беришди.

«Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ бошқарма бошлиғи Бехзод Аюбовга кўра, республикамизда бу борадаги муаммолар ҳақида маълумот йўқ. Бироқ янги ПҚ-4268 қарорда белгиланган имтиёзлардан фойдаланган ҳолда фермер-кластер маҳаллий ишлаб чиқарилган техникаларни сотиб олишда сезиларли даражада маблағ тежайди.

Мухбирлар мутахассислардан Ўзбекистонда пахта теришда асосан қўл меҳнатидан фойдаланилиши, агар Ўзбекистонда пахта териш машиналарини ишлаб чиқиш ва экспорт қилиш тизими йўлга қўйилаётган бўлса, қанча муддат ичида пахта терими тўлиқ механизациялаштирилиши ва бу пахта сифатига қай даражада таъсир кўрсатиши ҳақида савол беришди.

— Тан олиш керакки, қўлда терилган пахта машинада терилган пахтага нисбатан ўз сифатини сақлаб қолади. Яъни, пахта қўл меҳнатида толалари тоза терилади. 2019 йилда Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида экспримент тариқасида пахта териш машиналари хизматидан фойдаланишни ошириш режалаштирилган. Натижаларга қараб 2025 йилгача бу кўрсаткични 35 фоизга ошириш мўлжалланган. Ҳозирги кунда бу 5 фоизни ташкил этмоқда.

Шунингдек, алоҳида таъкидлаш лозимки, бизда ғаллани ўз вақтида йиғиш учун техника 125 фоиз таъминланган. Аввалги йилларда ғалла бир ой мобайнида йиғилган бўлса, бу йил 20 кунда теримни йиғиб олиш имкониятига эгамиз. Республика бўйлаб ғалла терими мавсумида 3500 дона комбайнлар ўз вақтида донни исроф қилмай йиғиш учун етарли бўлиши аниқланган бўлса, бизда ҳозир 4200 дона комбайн мавжуд, — деди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Қодир Исмоилов. https://aoka.uz/article/0iy9w0rmccua-zbekistonda-pahta-terish-mashinalari-hizmatidan-fojdalanish-5-foizni-tashkil-tadi-ishlo-hzhaligi-wazirligi