Навоий кон-металлургия комбинати Учқудуқда олтин рудаларини қайта ишлайдиган янги мажмуа ишга туширди, дея хабар қилди корхона матбуот хизмати.

Мажмуа «Кўкпатас» ва «Довгизтов» конларининг ишлаш қийин бўлган рудаларидан олтин ажратиб олиш технологиясини такомиллаштиришга қаратилган энг истиқболли инвестицион лойиҳалардан бири бўлиб, ўзининг илғор муҳандислик-техник ечимлари, технологик жиҳозланиш даражаси билан ноёб эканлиги билан ажралиб туради. Келгусида хом ашёдан фойдаланиш самарадорлигини 8 фоизгача, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни 11 фоизга ошириши кутилмоқда. Шунингдек, 150 дан ортиқ янги иш ўринларини яратиш имконини беради.

НКМК маълумотларига кўра, ушбу янги ва замонавий ишлаб чиқариш мажмуасини барпо этишда Германиянинг «Engineering Dobersek» ва «Eirich», Италиянинг «Tenova», Австриянинг «Cemtec» сингари етакчи хорижий компаниялари, шунингдек, Зарафшон қурилиш бошқармасининг «Промэлектромонтаж» трести, «Шимолий» қурилиш-монтаж бошқармаси, «Элементқурилиш» шўъба корхонаси, «Навоий машинасозлик заводи» ишлаб чиқариш бирлашмаси ҳамда «Электроизолит» масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси каби ташкилотлардан мутахассислар, лойиҳачилар, қурувчилар фаол иштирок этди.

Комбинат 2017−2026 йилларда умумий қиймати 3 млрд доллардан зиёд бўлган 27 та лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқда. Амалдаги ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиб, янгиларининг барпо этилиши комбинат фаолияти самарадорлигини 30 фоизга ошириб, қшимча 31 мингга яқин иш ўринларини очишга имкон беради.