Жорий йил 26 август куни Пекинда Ўзбекистон — Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитасининг бешинчи йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки (Ўзмиллийбанк) 500 миллион Хитой юанида кредит линиясини жалб қилиш учун Хитой Давлат тараққиёт банки (ХДТБ) билан кредит шартномасини имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ушбу шартнома икки банк ўртасидаги еттинчи келишув бўлиб, бу ўзаро ҳамкорлик мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради. ХДТБ билан ҳамкорликда ишлаш тажрибаси Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг барча соҳаларида муҳим инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш самарадорлигини намойиш этади. Шу билан бирга, Хитой юанида кредит битимининг имзоланиши Ўзмиллийбанкнинг Хитой етакчи молия институти билан ҳамкорлик тарихидаги биринчи ҳужжатдир.

Хитой юанида молиялаштиришни жалб қилишнинг асосий афзаллиги LIBOR ставкасидаги сакрашларга боғлиқлик йўқлиги. Бундан ташқари, юандаги ташқи савдо шартномалари бўйича ҳисоб-китоблар бошқа давлатлар валюталарида тўловларни амалга оширишда валюта конверсия қилиш билан боғлиқ харажатларни камайтиради. Хитой юанидаги кредитлар курснинг ўзгариши билан боғлиқ хатарларни камайтиради ва Ўзмиллийбанк мижозларига узоқ муддатли молиялаштиришда янада қулай шарт-шароитларни тақдим этади.

Шу билан бирга, ушбу келишув Хитой юанида янги тўлов усулларидан фойдаланишни назарда тутади. Ўз навбатида, Хитой юанидаги тўловлар Хитойга тўғридан-тўғри етказиб берувчининг ҳисобига ўтказилади. Бу эса икки мамлакат ва шериклар ўртасидаги тўловларни амалга ошириш вақтини сезиларли даражада камайтиради.

Молиявий ҳамкорлик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши икки томонлама муносабатларга ва мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг ривожланишига янги туртки беради, шунингдек, қулай шарт-шароитларда кредит ресурсларини жалб қилиш имкониятини яратади. Бу эса Ўзбекистонда янги йирик инвестиция имкониятларини юзага келтиради.

Маълумот ўрнида: Хитой Давлат тараққиёт банки 1994 йил март ойида йирик саноат тармоқларини, шу жумладан, энергетика ва транспортни ривожлантиришни модернизация қилиш ва инфратузилмани ривожлантиришга йўналтирилган давлат лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида ташкил этилган. Хитой молия институтининг асосий мақсади иқтисодиёт ривожланиши ва стратегик таркибий ўзгаришларни қўллаб-қувватлаб, марказий ҳукуматнинг макроиқтисодий сиёсатини тартибга солиш. ХДТБнинг асосий фаолияти узоқ муддатли кредит бериш ва облигациялар чиқаришдир.