Артиллерия қўшинлари мутахассислари ўртасидаги «Мен ғолиб» шиори остида «Энг илғор артиллерия мутахассиси» танловининг республика босқичи «Каттақўрғон» дала-ўқув майдонида ўтказилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Жамоа раҳбарлари ўртасида қуръа ташлангандан сўнг, мусобақа шартларига старт берилди. Танловда «Ҳисобчи», «Айғоқчи», «Топобоғловчи», «Орудиячи» ва «Миномётчи» йўналишлари бўйича мусобақалар муросасиз ва қизғин тус олди.

Барча ҳарбий округлардан йиғилган қатнашчилар дастлаб оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш учун умумқўшин ҳимоя кийимини қисқа фурсатда кийиш-ечиш меъёрларини бажарди.

Кейинги босқичда оптик разведка, топогеодезик бўлинмалари ва ҳисобчилар махсус тайёргарлик машқлари бўйича беллашди. Окопда турган ҳолда, 2 та қўл гранатасини улоқтиришда қарама-қарши эсаётган шамол ҳалал берган бўлса-да, танлов иштирокчилари отиш тайёргарлиги бўйича автоматни йиғиш-ёйиш меъёрларини муваффақиятли уддалади.

Яккалик баҳслар бўйича «Ҳисобчи» йўналишида 1-ўрин шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар С.Нарзиев (Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ)га насиб этди. Шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар А.Мамажонов (Марказий ҳарбий округ) «Айғоқчи», сержант У.Икромов (Марказий ҳарбий округ) «Топобоғловчи» йўналишида 1-ўринни эгаллади.

Жамоавий ўринларнинг «Орудия» йўналишида Марказий ҳарбий округ жамоаси 1-ўринга сазовор бўлди. Шарқий ҳарбий округ ҳамда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ вакиллари кучли учликдан жой олди. «Миномётчи» йўналишида 1-ўринни Шарқий ҳарбий округ жамоаси эгаллаган бўлса, 2- ва 3-ўринларни Марказий ҳарбий округ ҳамда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ вакиллари банд этди.

Умумий ҳисобда ҳарбий округлар ўртасида 1-ўрин Марказий ҳарбий округ (3 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медал)га насиб этди. Жами 4 медал жамғарган Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ (1 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медал) 2-ўринга муносиб кўрилди. Шарқий ҳарбий округ (1 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медал) жамоаси эса учта медал билан кучли учликни тўлдирди.

Танлов якунида ғолибларга кубок, диплом ва эсдалик совғалари топширилди.