Гурлан туманида истиқомат қилувчи С. Қуролов мастлик оқибатида қотилликка қўл урди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти судининг раиси Бобир Умаров «Газета.uz»га маълум қилди.

Гурлан туманининг «Нукус» маҳалласида истиқомат қилган С. Қуролов (1992 йили туғилган, маълумоти — олий, ишсиз, оилали, бир фарзанднинг отаси) онда-сонда улфатчилик қилиб турарди. Унинг кўнгли ўша куни яқин дўсти Маъмуржон билан улфатчиликни тусади. Шу мақсадда чойхоналардан бирида дастурхон тузаттирди. Дўсти айтилган вақтда якка ўзи эмас, ошнаси Ўктамбой билан бирга келди. Сардор зиёфатга маҳалласидаги киракаш ҳайдовчилардан бири — Расул Авазовни ҳам таклиф қилди.

Улфатлар жам бўлгач, қуюқ зиёфат бошланиб кетди. Орадан бир неча соат ўтгач, улар вилоят маркази — Урганч шаҳридаги «Колесо» тунги клубига йўл олишди. Тўртовлон бир неча ўн чақирим йироқдаги ушбу масканга Ўктамбойнинг «Нексия» автомашинасида етиб боришди.

Улфатлар бу ерда Гурландаги чойхонада ичилган бир неча шиша ароқдан сўнг ҳар бири 1,5 литрлик учта идишдаги пивони бўшатишди.

Тун ярмига яқинлашганда улфатларни автомашинасида бу ерга олиб келган Ўктамбой узр сўраб, даврани тарк этди. Учовлон эса, «базму жамшид»ни яна давом эттирадиган бўлишди. Улар Гурланга тун ярмидан оққанда қайтишди. Маъмуржонни уйигача кузатиб қўйган Сардор билан Расул нимагадир ўз оиласи бағрига қайтишни исташмади.

…Таниш қизларга қилинган қўнғироқлар ҳам бежавоб қолмади. Шоҳида «учрашув»га дугоналаридан бирини олиб келиш ҳақидаги таклифни ҳам бажонидил қабул қилди. Тунги «базм» энди Янгибозор туманига кўчди.

Расулнинг автомашинасида бу ерга етиб келган «жуфтликлар» синашта хонадонлардан бирига боришди. Аммо Расул ва Асалойнинг гаплари асло бир-бирига тўғри келмади. Хонадан эшитилиб турган ғиди-биди шовқин кучайгандан-кучайди. Жаҳлига эрк берган Расул Асалойга олган пулини қайтиб беришни қатъий оҳангда талаб қилар, қиз эса, буни кескин тарзда рад этар, овозининг борича ғашга тегадиган қарғанишдан тап тортмаётганди.

Охири тўртовлон ортга қайтишди. Расулнинг автомашинасини бу гал унинг ўзи эмас, балки Сардор бошқарди. Асалойнинг хархашаси автомашина ичида ҳам авжига чиқса чиқдики, асло босилмади. Сардор бошқараётган «Нексия» катта канал соҳилига яқинлашганда тунлари қатновдан деярли холи бўладиган кимсасиз пастқам йўл томон бурилди.

Анча юргач, у хилват бир жойда автомашинани секинлатган кўйи тўхтатди. Автомашина тўхтагач, Шоҳида ва Расул Сардорнинг талабига кўра, машинани тарк этишди. Улар уловдан тушгач, Сардор негадир шоша-пиша автомашинанинг тўртала эшигини ҳам ичкаридан қулфлаб олганча Асалойга ташланди ва уни қўллари билан бўға бошлади. Қиз эса, қаршилик кўрсатиб, Сардорнинг бетини аёвсиз тимдалади. Ташқарида қолган йигит ва қизнинг Асалойни Сардорнинг чангалидан озод қилишга қаратилган уриниши беҳуда кетди. Ичидан қулфланган эшиклар орадан 10−15 дақиқа ўтгачгина очилди. Бу вақт ичида Асалойнинг овози бутунлай ўчди. У аллақачон жон таслим этиб бўлганди. Бироқ қутуриб кетган Сардорнинг ҳовури бу билан ҳам босилмади. У бўғиб ўлдирилган ожизанинг ён-верини титкилаб, барча пули ва қўл телефонини олиб қўйди.

Тонг эндигина бўзариб келаётган паллада ушбу машъум воқеа рўй берди.

Даҳшатли қотилликка қўл урган Сардор ҳам, унга шоҳид бўлган икковлон гувоҳ ҳам гангиб қолишди. Бир пасдан сўнг ақл-ҳушини сал йиғиб олди, шекилли, Сардор Шоҳидага ташлана кетди. «Сен ҳам ўлсанг, шунда мени органга ҳеч ким чақа олмайди», — деди у дўқ урганча. «Ўлдирманг, ҳеч кимга бориб айтмайман», — дея Шоҳида ялиниб-ёлворишга тушди.

Сардор унинг сотмаслигига ишонди, чоғи, индамай қўйди. Надоматга тўла чуқур хўрсиниқ билан йўлда давом этди.

У автомашинани туман маркази томон эмас, балки бошқа бир хилват гўша — Қўшкўпир тумани ҳудудидан ўтувчи катта захкаш томон ҳайдади.

Кўзланган манзилга етгач, Асалойнинг жасадини Расулнинг кўмагида захкашга ташлаб юборишди…

Ҳайдовчи ва йўловчиларнинг сукути узоқ чўзилмади. Сардор тилга кираркан, талабни янада қатъий қўйди: кимки оғзидан гулласа, боши кетади…

Расул ҳам, Шоҳида ҳам ўлганнинг кунидан Сардорнинг олдида тиз чўкишди, сотмасликка ваъда беришди.

…Орадан бир кун ўтди. Расул ёши Сардордан катта эса-да, (1986 йил туғилган, маълумоти — ўрта, оилали, 2 нафар фарзанднинг отаси, ишсиз) унга бош эгди, айтганида турди, сотмади. Бор воқеани борлигича айтиб, бир кун муқаддам содир бўлган даҳшатли воқеа — фожиани ошкор этишдан нимагадир ўзини тийди. Асалойнинг яқинлари эса, кечадан буён уйга қайтмаётган арзанда қизни излашга тушишди.

Улар ўша тунда у билан бирга чиқиб кетган Шоҳидани сўроққа тутишди.

Шоҳида ниҳоят чидай олмай тилга кирди. Бўлиб ўтган аянчли воқеани борича айтиб берди. Аниқ-тиниқ тарзда кўрсатма бериб, машъум воқеа содир бўлган ва мурда яширилган жой ҳамда қотилнинг исмини ошкор этди.

Афсус, Расул сукут сақлашда давом этди. Машъум қотиллик тафсилотларини тегишли ҳуқуқ-тартибот идораларига маълум қилишдек қонуний мажбуриятини адо этишга шошилмади. Аммо у ҳам, кеч бўлса-да, эсини йиғиб олди. Муқаррар жазо ва жавобгарлик қаршисида турганини рўй-рост ҳис этди ва ўша машъум қиш тунида рўй берган фожиа тафсилотларини тўлалигича баён этиб, даҳшатли қотилликни фош этишда тергов органига фаол ёрдам берди.

Машъум қотиллик ва талон-торожликка доир ҳақиқатнинг юзага қалқиб чиқиши гумонланувчилар гарданидаги қилмиш кўламларини аниқлаш ва айб эълон қилишда алоҳида ўрин тутди. Суд Сардор Қуроловни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисмининг ожиз аҳволдаги шахсни ўта шафқатсизлик билан қасддан ўлдиришга тааллуқли «в» ва «ж» бандлари, Расул Авазовни эса, ушбу кодекснинг жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яширишга оид 241-моддаси 2-қисми бўйича айблаш юзасидан тергов органи томонидан қўйилган айбга эътироз билдирмади, уни асосли, деб топди. Ҳар иккала судланувчига нисбатан тайинланган жазо эса, мазкур моддаларнинг санкция қисмида қайд этилган миқдорни ташкил этди. Унга кўра, суд томонидан қотил сифатида эътироф қилинган С. Қуролов узоқ йилларга озодликдан маҳрум этилган бўлса, Р. Авазов муайян муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилинди.