Мустақилликнинг йигирма саккиз йиллиги арафасида Қуролли Кучлар академиясида бир қатор янги бинолар фойдаланишга топширилди, дея хабар қилди Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти «Газета.uz»га.

Маросимда сўзга чиққан мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов Қуролли Кучлар академиясида ўтган икки йилда амалга оширилган улкан ўзгаришлар ва янгиланишларни эътироф этди. Ҳарбий таълим тизимини ривожлантиришдек улкан мақсадни кўзлаган бу каби ислоҳотлар курсантларнинг сифатли ва замонавий таълим олиши учун етарлича шарт-шароит ва имконият яратишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Меҳмонлар энг аввало ёпиқ сузиш ҳавзаси жойлашган бинода бўлиб, у ерда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Сузиш ҳавзасида курсантлар йиғилганларга ҳарбий кийимда қуролланган ҳолда ҳамда эркин усулда 25 метр масофага сузиш бўйича кўргазмали машғулотларни намойиш этди.


Мудофаа вазири бошчилигидаги меҳмонлар ўқув биносидаги машғулот хоналари, жумладан машғулотларда фойдаланиш учун БТР-80 жойлаштирилган ўқув синфини кўзда кечирди. Бу ерда Қуролли Кучлар академияси ситуацион маркази бошлиғи полковник Владимир Надимов уларга ўқув жараёнларининг мониторингини олиб бориш тартиби, професссор-ўқитувчилар таркибининг рейтинг баҳоланиши, уларнинг илмий салоҳият кўрсаткичларини аниқлашнинг замонавий усуллари тўғрисида маълумот берди.


Шу билан бирга, биринчи босқич курсантлари учун ўқув жараёнида фойдаланиш мақсадида бериладиган планшетларга жойлаштирилган ўқув ва бадиий адабиётлар, шунингдек, ҳар бир ўқув биносида ўрнатилган маълумотларнинг электрон киоскаси фаолияти билан яқиндан таништирди.

Фойдаланишга топширилган курсантлар ётоқхонаси икки кишига мўлжалланган ётоқ хоналари, курсантларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишлари учун хизмат қиладиган маънавият ва маърифат хонаси ҳамда маиший хизмат кўрсатиш хоналаридан таркиб топган.