Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев «Шарқ тароналари» халқаро фестивалини ёритиш учун келган маҳаллий ва хорижий блогерлар билан суҳбатлашди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

— Кейинги йилларда Ўзбекистон дунёга очилмоқда ва халқаро ҳамжамиятга ҳақиқатни етказишга интилиш бор. Энг муҳими, муҳокама қилиш, танқид қилиш мумкин, — деди давлат раҳбари.

Мамлакатимиздаги ислоҳотларни, маданиятимиз, тарихий обидаларимизни бутун дунёга тараннум этишда блогерларнинг ўрни катта эканини таъкидлади.

— Сизларни жонажон Ўзбекистонимизда, қадимий цивилизация маркази Самарқандда кўриб турганимдан жуда хурсандман. Бугун биз Ўзбекистоннинг янги тарихини яратяпмиз. Мақсадимиз — халқимизга хизмат қилиш, одамларни рози қилиш ва келажакка ишонч билан қарашини таъминлаш. Бунга сизлар ҳам ҳисса қўшасизлар деб ишонаман, — деди президент.

— Орангизда ўзимизнинг қоракўзларимизни кўриб турибман. Бу менга ифтихор бағишлайди. Билингки, Президент сизларни доим қўллаб-қувватлайди, — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Мулоқот сўнгида президент блогерлар билан суратга тушди, уларнинг фаолиятига муваффақиятлар тилади.