Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ўтган ҳафта Қорақалпоғистонга сафари давомида Қораўзак туманига ташриф буюриб, мазкур тумандаги иккита мактабнинг янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари билан танишди, дея хабар қилди Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га. Мактаблар таъмирланган ва болаларни қабул қилишга шай бўлса-да, айрим камчиликлардан холи эмаслиги қайд этилди. Хусусан, мазкур мактабларда компьютер синфларининг йўқлиги ўқувчиларнинг замонавий билим ва кўникмаларни сифатли эгаллашларига тўсқинлик қилишини инобатга олиниб, мактабларни компьютер ва бошқа жиҳозлар билан таъминлаш масаласи кун тартибига қўйилди.

27 август куни инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қорақалпоғистоннинг Қораузак туманидаги 25- ва 13-умумтаълим мактабларида бўлиб, вазирлик томонидан тақдим этилган ускуналар ҳамда жиҳозларни топширди/

Энг чекка жойлардан бирида жойлашган мазкур мактабларни замонавий талабларга жавоб бериши, у ерда ўқийдиган ўқувчиларнинг янги билими ва кўникмаларни эгаллашини таъминлаш мақсадида мактабларга 25 та компьютер, инновацион кутубхона материаллари, электрон қўнғироқ, робототехника тўпламлари ҳамда турли бошқотирма ўйинлари (тожмот ўйини, инновацион харита, кимёвий элементлар инновацион жадвали, QR book ва бошқалар) тақдим этилди.

Қораўзак тумани Қораўзак овул фуқаролар йиғинида жойлашган 13-мактабда 47 нафар ўқитувчи 450 нафар ўқувчига таълим-тарбия бермоқда. Мактаб директори Эркиной Бердиева ўқув йили бошланиши арафасида мактабга берилган эътибор айни муддао бўлганини, ўқувчиларнинг компьютер билимларини эгаллашлари уларнинг ҳаётда ўз ўринларини топишларига кўмак беришини таъкидлади.

«Мактабга копьютерларнинг ўрнатилиши таълимга ахборот технологияларни жорий қилишни, янги билимлардан хабардор бўлишни таъминлайди. Эндиликда ўқитувчилар ҳам ўқувчилар ҳам дарсларга янада пухта тайёрланиш, билимларини мустаҳкамлаш имкониятига эга бўладилар. Компьютер асосларини ўрганган, робототехника каби илм-фан ютуқларини ўзида мужассам этган истиқболли йўналишлар ҳақида тушунчага эга ёшларда ўзига бўлган ишонч ортади, янги билимларни эгаллашга иштиёқ пайдо бўлади», — дейилади хабарда.

Шу билан бир қаторда, вазирлик томонидан ҳар икки мактабга ҳам QLF (Quantitative light fluorescence — миқдорий нур флуоросценцияси) технологиясига асосланган Qscan ускунаси тақдим этилди. Бу тишларнинг тозалик даражасини аниқловчи қурилма бўлиб, у тишларга ёпишиб қолган, аммо кўз билан кўриб бўлмайдиган овқат қолдиқларини, унинг таркибидаги бактериялар ажратаётган зарарли моддаларни аниқлаб, уни қизил рангда кўрсата олади. Бунда тишларда ёпишиб қолган карашларни кўрган болалар ёки уларнинг ота-оналарида тишларини тўғри тозалашга, тиш касалликлари ва уларнинг асоратлари пайдо бўлмасдан аввал стоматологга мурожаат қилишига рағбати ошиб боради.