Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов 22 августдаги қарори билан Шеробод туман ҳокими Ўрол Бобоқуловнинг Сурхон қўриқхонасида меҳмонхона қурилиши учун ер ажратишга рухсат бериш тўғрисидаги қарорини бекор қилди. Бу ҳақда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Август ойи ўрталарида Экология қўмитаси Шеробод туман ҳокимининг Сурхон қўриқхонасининг биохилма-хиллигини ва унинг ноёб экотизимини хавф остига қолдирувчи ноқонуний ҳаракатлари тўғрисида хабар берган эди. «Газета.uz» ёзганидек, май ойида ҳоким экологик туризмни ривожлантириш учун қўриқхона ҳудудидан 2163,9 гектар ерни ажратиб олиб, ушбу майдонни қўриқланувчи (буфер) ҳудуд деб эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилган. Июнда туман ҳокими қарори билан ушбу ҳудудда меҳмонхона қурилиши учун хусусий тадбиркорга ер участкаси ажратилган.

Туман ҳокимининг ҳаракатлари Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси — қайси идорага тегишли бўлишидан қатъи назар, мамлакатнинг қўриқланувчи табиий ҳудудлари биохилма-хиллигини сақлаш ва улардан барқарор фойдаланиш устидан назорат юклатилган орган билан келишмаган ҳолда амалга оширилган.

Экология қўмитаси туман ва вилоят ҳокимлиги, шунингдек Шеробод туман прокуратурасига мурожаат қилган. Мурожаатга ҳеч қандай жавоб бўлмагани сабабли 10 август куни Экология қўмитаси вакиллари ер ажратилган тадбиркор, шунингдек, туман кадастр бўлими вакиллари ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокими билан учрашди.

Вилоят раҳбариятга Сурхон давлат қўриқхонаси ҳудудий яхлитлигини сақлаш давлат даражасида муҳим аҳамият касб этиши, ундан барқарор фойдаланиш ҳозирги ва келажак авлод манфаатлари учун зарур экани тушунтирилди.