Марказий ҳарбий округдаги «Каттақўрғон» полигонида доимий жанговар шайликдаги ҳарбий қисм шахсий таркиби билан катта масштабдаги амалий отиш машғулоти ўтказилди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати маълум қилди.

Кўргазмали амалий машғулотда Самарқанд, Жиззах ҳамда Навоий гарнизонидаги ҳарбий қисм командирлари ва уларнинг ўринбосарлари, батальон ва взвод командирлари иштирок этди. Ҳарбий округ қўмондонлиги томонидан ташкил этилган ушбу намунадаги машғулот босқичма босқич ҳарбий қисмлар поғонасида тизимли равишда йўлга қўйилади.

Янгича тизимдаги отиш машқларида 40 дан ортиқ ўқув жойларида бир вақтнинг ўзида барча мутахассисликлар бўйича амалий машғулотлар бажарилди.

Шунингдек, отишга тайёргарлик кўриш позициялари, ўқнинг учишига таъсир кўрсатувчи омиллар (шамол, порох заряди, ҳаво ҳарорати ва бошқалар) формулалар ва қуролларни тавсифи акс этган плакатлар, ёзги синф хоналаридаги дарслар аскарларни амалиётгача бўлган тайёгарлигини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Нишонларни барчаси яксон этилди. Снайпер, Т-72 жанговар танки экипажи ҳамда Д-30 артиллерия қуроли мўлжалчи ва ўқловчиларининг биринчи зарбаданоқ мувафақиятлари қўмондонлик томонидан алоҳида эътироф этилди.

Маълумот ўрнида, «Каттақўрғон» полигони ҳудуди ва салмоғи жиҳатидан Ўзбекистондаги энг катта дала ўқув майдони ҳисобланди. Бу ерда биринчи маротаба отиш тайёргарлигидан катта масштабдаги машғулот ўтказилмоқда.