«Тошшаҳартрансхизмат» AЖ пойтахтдаги жамоат транспортларига видеокузатув камераларини ўрнатаётгани ҳақида маълум қилган эди. Ҳозирча видеокамералар синов тариқасида 24-йўналишдаги автобусларга ўрнатилган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур видеомониторинг бир қанча масалаларда самарали бўлиши кутилмоқда. Хусусан:

ҳуқуқбузарликлар ва терроризмнинг олдини олишда;

автотранспорт воситалари бошқарувчилари қандай ишлаётганлигини назорат қилишда;

фуқаролар ва уларнинг мулкини ташқи таъсирлардан ҳимоя қилишда;

Видеокузатув тизимининг асосий вазифаси йўл ҳаракати хавфсизлигини оширишни назарда тутади. Видеокузатувдан фойдаланиш шубҳали шахслар ва воситаларни аниқлаш,транспорт йўналишларини оптималлаштириш учун йўловчилар ташишни ҳисобга олиш, бахтсиз ҳодиса юзага келганда низоларни ҳал қилиш учун ҳайдовчининг айбдорлиги ёки айбсизлигини аниқлашда ёрдам беради.

Йил охирига қадар «Тошшаҳартрансхизмат» AЖ томонидан барча йўналишдаги автобусларга видеокузатув воситаларини ўрнатиш режалаштирилмоқда.