Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати жума куни 21-ялпи мажлисида «Атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш тўғрисида"ги қонунни маъқуллади, дея хабар қилди «Газета.uz» мухбири.

Қонун 77 нафар сенатор томонидан маъқулланган бўлса, 1 киши қарши чиқди, 2 киши бетараф қолди, 4 сенатор овоз бермади.

Қонуннинг вазифалари — атом энергиясидан фойдаланиш институтлари ва таъминот тизимларини шакллантириш учун ҳуқуқий асосларини яратиш, қонунчиликка атом энергиясидан фойдаланишда фуқаролар ва юридик шахслар хавфсизлигини таъминлаш механизмларини жорий этишдан иборат.

Қонун билан «атом энергияси», «ядро ёқилғиси», «радиоактив чиқиндилар» каби тушунчалар жорий этилмоқда.

Ҳужжатда атом энергетикаси соҳасида Вазирлар Маҳкамаси, Энергетика вазирлиги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатлари белгилаб берилди.

Қонунда ядро қурилмалари ва сақлаш пунктларини жойлаштириш ҳамда қуриш, атом энергиясидан фойдаланиш объектларидан фойдаланиш, ядровий материаллар ва радиоактив моддаларни ташиш, ядро қурилмалари, ядро материаллари, радиоактив моддалар ва чиқиндиларни олиб кириш ҳамда олиб чиқиш, уларни сақлаш, қайта ишлаш ва кўмиш тартиблари мустаҳкамланди.

Ўзбекистон ҳудудига фақатгина радиоактик чиқиндилар ва қайта ишланган ядро ёқилғисидан олинган қайта ишланган маҳсулотларни олиб киришга рухсат берилади, дейилади ҳужжатда.

Бундан ташқари, қонунга авариявий тайёргарлик ва авария вақтидаги хатти-ҳаракатларни ташкил этиш, ташқи ва ички авариявий режани ишлаб чиқиш тартиблари келтириб ўтилиб, радиация таъсирида етказилган зарар ва йўқотишлар учун жавобгарлик белгиланмоқда.