Саноат хафсизлиги давлат қўмитаси маҳаллий ҳокимиятлар, Фавқулодда вазиятлар, Маданият вазирликлари, Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси, «Ўзэнергоинспекция» билан биргаликда ҳудудлардаги мавжуд 129 та маданият ва истироҳат боғи ҳамда аҳоли дам олиш масканларидаги жами 1 минг 845 та аттракцион кўздан кечирилди ва уларнинг хавфсиз фойдаланиш талабларига риоя этиши ўрганиб чиқилди. 20 август куни ўтказилган матбуот анжуманида текширув натижалари ҳақида маълумотлар берилди, дея хабар қилди ЎзА.

Ишчи гуруҳлари аттракционларнинг 1292 тасида техник паспорти мавжуд эмаслигини аниқлади. 1106 тасида аттракционларни кунлик техник кўрикдан ўтказиш журнали йўқ. 928 аттракционда ишлатиш ва ўрнатиш бўйича йўриқномалар мавжуд эмас. Аттракционларга бириктирилган ходимларнинг 1 минг 258 нафарида ўқиганлик тўғрисидаги махсус гувоҳномалар йўқ ва улар техникадан фойдаланиш тартиб қоидаларини мутлақо билмайди.

695 аттракционда жавобгар шахс тайинланмаган бўлса, 931 тасида оператор ва жавобгар шахсларнинг лавозим йўриқномалари ишлаб чиқилмаган. 854 та аттракционда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти мавжуд эмас.

«Аниқланган камчиликлардан кўриниб турибдики, маданият ва истироҳат боғларидаги аттракционларнинг аксарияти фойдаланиш талабларига жавоб бермайди, — деди Бахтиёр Ғуломов. — Бу ҳолат эса инсон ҳаёти учун хавфлидир. Юртимизга кўп аттракционлар хорижий давлатлардан, хусусан, Хитой Республикасидан олиб келинади. Ўзимизда ҳам ишлаб чиқарилаётган аттракционлар бор. Аммо етарли тажрибага эга конструкторлар йўқлиги сабабли юртимизда ишлаб чиқарилаётган аттракционлар талабга тўлиқ жавоб бермайди. Натижада бундай қурилмалар инсон ҳаёти ва соғлиги учун жиддий хавф туғдиради»

У жорий йилда Жиззахда содир бўлган инсон ўлими билан боғлиқ фожианинг маҳаллий ишлаб чиқарилган аттракционда рўй берганини таъкидлади. Ўрганишлар давомида ноқонуний фаолият кўрсатаётган аттракционлар фаолияти ҳам аниқланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойида Жиззахдаги истироҳат боғида «Учар ликопча» атрракционининг қулаб тушиши натижасида бир қиз ҳаётдан кўз юмган эди. Аттракцион март ойида ишга туширилган, май ойида эса Жиззах вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати боғ ҳолати тўғрисида танқидий мақола эълон қилиб, аттракционларнинг сифатсиз экани ва бахтсиз ҳодиса содир бўлиши мумкинлиги тўғрисида ёзган эди.

Келгусида болалар ҳаёти ва соғлиги билан боғлиқ нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси таклифига биноан 2017−2019 йиллар оралиғида маданият ва истироҳат боғларига ўрнатилган аттракционлар сертификатлаштирилиб, уларга бириктирилган ходимлар махсус курсларда ўқитилади. Аттракционлар қуриш ва ишга туширишдан олдин техник кўрик ва синовлардан ўтказилади.