1 январдан 15 августгача ҳаммаси бўлиб тегишли ҳужжатларсиз табиий газдан фойдаланиб келган 1763 нафар истеъмолчи аниқланди. Айбдорларга тегишли чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга топширилган бўлиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра ноқонуний тарзда фойдаланилган газ миқдори 39 млн 780 минг куб метрни, яъни 40 млрд сўмни ташкил этади, дея хабар қилди Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Биргина август ойининг биринчи 15 кунида тегишли ҳужжатларсиз табиий газдан фойдаланиб келган 187 та улгуржи истеъмолчи аниқланган бўлиб, ноқонуний фойдаланилган газ ҳажми 3 млн. 200 минг куб. метрни, шуниндек 3 млрд. сумни ташкил этган.

Мисол учун, Навоий вилоятининг Кармана туманида табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келаётган пишган ғишт ишлаб чиқарувчи «Баҳор Интер Азия» корхонаси томонидан 417 минг куб метр газ ўғирлаган. Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида жойлашган «Жарқўрғоннефть» АЖга қарашли «Қумқўрғон Эстакадаси"да 213 минг метр куб газни қонунга зид тарзда истеъмол қилинган. Шу каби ҳолатлар оҳак ишлаб чиқарувчилари томонидан содир этилган. Жумладан, «Қиробод мавжлари» МЧЖ (Бухоро вилояти, Қоракўл тумани) 75 минг куб метр газни талон-тарож қилган, «Орбита глобус» МЧЖ (Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани) томонидан 219 минг куб метр газ ўғирланган ва «Домтекс» МЧЖ томонидан (Тошкент вилояти, Ўртачирчиқ тумани) 330 минг метр куб табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани маълум бўлди.

Мамлакатнинг бошқа ҳудудларида юқоридаги каби қонунбузарликларни содир этган 101 та истеъмолчи фош этилиб, ўғирланган қимматбаҳо табиий газ миқдори 1 млн 396 минг куб метрни ташкил этиши аниқланди.