8−20 август кунлари Ўзбекистондаги радиацион вазият ўзгармади, дея хабар қилди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Ушбу кунларда, Ўзгидромет маълумотларига кўра, мамлакат ҳудуди Туркманистон орқали кириб келган Каспий денгизининг жануби ва Эрон осмонидан шаклланган жануби-ғарбий ҳаво массалари таъсири остида бўлди.

Мамлакат бўйлаб экспозицион гамма-нурланиш дозаларининг ойлик ўртача қуввати соатига 0,16 микрозивертни ташкил этиб, 0,08 мкзв/с дан 0,24 мкзв/с гачани атрофида тебраниб турди. Экспозицион дозанинг энг хавфсиз чегараси 0,30 мквз/с ни ташкил этади.

Кўрсатиб ўтилган даврда республика бўйлаб гамма-нурланишнинг экспозицион дозаси ўртача 0,15 мкзв/с, Тошкентда энг юқори кўрсаткич 0,16 мкзв/с ни ташкил этди.

8 август куни Россиянинг Архангельск вилояти Северодвинский шаҳри яқинидаги ҳарбий полигонда реактив суюқ двигатель қурилмаси синови вақтида портлаш содир бўлди. Ҳодиса натижасида «Росатом"нинг беш нафар ходими вафот этди.