19 август куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида «АрМИ — 2019» мусобақаларининг Ҳиндистонда ўтказилган «Қўшин разведкаси аълочилари» баҳсида ишончли ҳаракат қилган ҳарбийларимизни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Ташкилотчилар ғолибларни қутларкан, уларнинг миллий армия қудратига-қудрат, обрўсига-обрў қўшганлигини такрор таъкидлаб, ғалабага бўлган имшончли ҳаракатларини фахр билан эътироф этишди.

Қуролли Кучлар давлат музейида уюштирилган учрашувда эса ғалабанинг дунё миқёсидаги ижтимоий-сиёсий аҳамияти, Ватан равнақи йўлида миллий армиямизнинг ажралмас ўрни, эришилаётган ютуқлар хусусида атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Маросимга давомий равишда пойтахтимиздаги ҳарбий қисмларнинг бирида «АрМИ — 2019» доирасида «Қўшин разведкаси аълочилари» мусобақасида иштирок этган, Ватан шаънини ҳимоя қилган мард ўғлонлар жасорати қизғин эътироф этилиб, муносиб тақдирланди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси иккинчи ўринни қўлга киритди (ўтган йили 3-ўрин). Россия Федерацияси учинчи бўлса, ҳиндстонликлар биринчи ўринга муносиб деб топилди.