Жорий йилнинг 3 августидан 17 августигача давом этган «АрМИ — 2019» халқаро армия ўйинларида 39 та давлатнинг 200 дан ортиқ жамоаси қаторида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари 14 йўналишда яъни, Беларусда «Мерганлик марраси», Хитойда «Қуролсоз уста» ва «Мусаффо осмон», Қозоғистонда «Артиллерия олови устаси», Эронда «Йўл патрули», Ҳиндистонда «Қўшин разведкаси аълочилари», Россияда «Танк биатлони», «Эльбурс ҳалқаси», «Содиқ дўст», «Хавсиз маршрут», «Дала ошхонаси», «Ҳарбий ралли», «Рембат», Ўзбекистонда «Ҳарбий-тиббий эстафета» мусобақаларида фаол иштирок этди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Ўтган йил умумжамоа ҳисобида 32 мамлакат ҳарбийлари ўртасида олтинчи ўринни эгаллаган ўзбекистонлик ҳарбийлар жорий йил жами 11 йўналишда — 2 та биринчи, 4 та иккинчи, 5 та учинчи ўринни эгаллаб, 5-поғонага кўтарилди.

Марказий ҳарбий округнинг «Фориш» тоғ полигонида ўтган «Ҳарбий-тиббий эстафета» мусобақаси қизғин баҳсларга, вакилларимиз учун унутилмас лаҳзаларга бой бўлди. Юртдошларимиз шартларни бажариш жараёнида ўтган йилги рекордларни бир неча бор янгиладилар. Хусусан, тиббий хизмат капитани Бобожон Элмуродов тўсиқлар оша югуришда 2018 йилги Россия рекордини 53 сонияга қисқартириб, маррага 1 дақиқа 50 сонияда етиб келди. Индивидуал маҳорат ва ўқ узишда ҳам унга тенг келадигани топилмади. Худди шу мусобақада Шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар, оддий аскарлар Ҳокимбек Мадаминжонов, Хайрулло Олимов, Лилия Манасипова, сержант Ойдиной Убайдуллахўжаева ҳам рекорд ўрнатди.

Натижада Ўзбекистон вакиллари Россия ва Қозоғистонлик ҳамкасбларини ортда қолдириб, 1-ўринни эгаллаб, шоҳсупага кўтарилди.

«Танк биатлони» мусобақасида вакилларимиз бу йил биринчи марта иштирок этди. Шунга қарамай, танкчиларимиз Москва вилоятида жойлашган Алабино полигонида «Танк биатлони» II дивизионининг якка тартибдаги пойга, яримфинал босқичларида бор маҳоратларини намойиш қилиб, финалга йўлланмани қўлга киритишди.

Финал баҳсида юртдошларимиз Т-72 Б-3 танкини маҳорат билан бошқариб, манёврчанлик ва тезкор ҳаракатланиш, турли мураккаб тўсиқлардан беталафот ўтиш, белгиланган нишонларни йўқ қилиш бўйича энг яхши натижани қайд этди.

Яшил танкда ҳаракатланган Ўзбекистон жамоаси финалда Вьетнам, Куба ва Уганда жамоаларидан 17 дақиқа олдин, яъни 2 соат 7 дақиқаю 22 сонияда маррага биринчи бўлиб етиб келди ва II дивизионнинг мутлақ ғолибига айланди.

Халқаро армия ўйинларининг «Содиқ дўст» мусобақасида 2017 йилда 3-ўринни, 2018 йилда 4-ўринни қўлга киритган Ўзбекистон ҳарбий кинологлари жорий йилда 2-ўринга сазовор бўлди.

1600 метр масофага эстафеда югуриш шартида шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Содиқ Дилмуродов ўзининг «Клифт» лақабли хизмат ити билан рекорд ўрнатди. Вакилимиз белгиланган масофани 5 дақиқаю 59 сонияда босиб ўтди. «Содиқ дўст» мусобақаси тарихида ҳали бундай кўрсаткич бўлмаган, дея эътироф этишди мутахассислар.

Омск шаҳрида ўтказилган «Рембат» — «Энг илғор таъмирлаш ва эвакуация батальони» мусобақаси қизғин баҳслар билан кечди. Шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Абдумалик Нажмидинов отиш тайёргарлиги босқичининг «Энг яхши мерган» номинациясида энг юқори 100 баллни тўплаб, бу борада тенгсиз эканлигини намойиш этди. Ушбу мусобақада биринчи маротаба иштирок этган мамлакатимиз вакиллари дунёнинг кучли 8 жамоаси ўртасида фахрли

2-ўринни қўлга киритди.

Энг муҳим мутахассисликлардан бири «Қўшин разведкаси аълочилари» мусобақаси Ҳиндистоннинг Жайсалмер шаҳри ҳудудидаги полигонда бўлиб ўтди. Россия, Белорусь, Қозоғистон, Арманистон, Хитой, Ҳиндистон ва Суданнинг қўшин разведкачилари бир неча босқичларда кураш олиб бордилар.

Бешинчи босқичда ўзбек разведкачилари қурол-аслаҳалар ва тўлиқ жанговар экипировкада сувли тўсиқдан сузиб ўтиш шартини 13 дақиқаю 22 сонияда бажариб, мусобақа рекордини ўрнатишди.

Якунда шоҳсупа қуйидагича кўриниш олди:

I ўрин — Ҳиндистон;

II ўрин — Ўзбекистон;

III ўрин — Россия.

Тантанали ёпилиш маросимида тўққиз нафар ҳарбий хизматчимиз алоҳида номинациялар бўйича ёрлиқлар ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

«Эльбурс ҳалқаси» халқаро мусобақасида иштирокчи давлатлар ҳарбий хизматчилари бир неча шартларни ўта мураккаб тоғ шароитида ва кучли босим остида бажардилар. Кабардин-Болқордаги Эльбурс чўққисига уюштирилган марш ҳарбий алпинистларни жиддий синовдан ўтказди.

Ўнлаб махсус вазифаларни ўз ичига олган марш давомида улар Терскол чўққиси, Азау яланглиги, Приют-11, Эльбруснинг денгиз сатҳидан 5642 метр баланд бўлган ғарбий чўққисигача 20 километрга яқин масофани босиб ўтдилар. Марш давомида баландликнинг умумий ўзгариши 2200 метрга тенг бўлди.

Финал беллашувларида Ўзбекистон жамоаси Эльбрусни биринчи бўлиб забт этди. Вакилларимиз ушбу мусобақаларда 2017 ва 2018 йил 4- ва 5-ўринларни эгаллаган эди. Жорий йил 12 041 балл жамғарган Ўзбекистон жамоаси шоҳсупанинг иккинчи поғонасини эгаллади.

Ўзбекистоннинг «Йўл патрули» жамоаси Эронда ўтказилган халқаро мусобақада кучли учликдан жой олди. Жамоалар етти ҳарбий хизматчи таркибида «Лада Веста» маркасидаги автомобилларда экстремал шароитларда турли мураккаб шартларни бажариш, индивидуал пойга, қўл ва жезл ёрдамида йўл ҳаракатини тартибга солиш, ғилдиракларни алмаштириш, ҳарбий-техник эстафета шартлари бўйича беллашдилар.

Қозоғистоннинг «Отар» базаси полигонида «Артиллерия олови усталари» халқаро танловида Арманистон, Беларусь, Венесуэла, Озарбайжон, Зимбабве, Эрон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Сурия, Тожикистон ва Ўзбекистон жамоалари биринчилик учун ўзаро курашди.

«Индивидуал пойга», «Тунги спринт» ва «Эстафета» деб номланган уч босқич баҳсларининг якуний натижаларига кўра, ўзбекистонлик артиллериячилар кучли учликка киришга муваффақ бўлди.

«Дала ошхонаси». Мазкур йўналишда Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Беларусь, Шри-Ланка, Вьетнам, Мўғулистон, Жанубий Африка Республикалари жамоалари кураш олиб борди.

Ўзбек ҳарбий ошпазлари мусобақанинг иккинчи босқичида пишириқ ва шарбат тайёрлаш шартини муваффақиятли бажариб, ярим финалга йўл олди. Сўнгги босқичда эса вакилларимиз дала шароитида тайёрлаган иккитадан биринчи ва иккинчи таомлар, шарбат ва ширинлик (десерт) ҳакамлар ҳайъати томонидан муносиб баҳоланди ва улар 10 та жамоа орасида фахрли 3- ўринни эгалладилар.

Тюмень вилояти дала-ўқув майдонида бўлиб ўтган «Хавфсиз маршрут» йўналиши баҳслари Su-24 бомбардимончи самолёти ва Mi-8 вертолётининг шартли авиазарбалари шароитида бошланди. Жанг ҳолатига максимал даражада яқинлаштирилган мусобақа жараёнида ўзбекистонлик муҳандис-сапёрлар жанговар вазифани муваффақиятли адо этиш учун қулай шароит яратиш, душманга талафот етказиш ва унинг ҳаракатларини қийинлаштириш каби вазифаларни ўз ичига олган шартларнинг якуний балларига кўра, етти давлат жамоалари ўртасида 3-ўринга лойиқ деб топилди.

Тантанали ёпилиш маросимида шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Шавқиддин Нарзуллаев ва кичик сержант Феруз Гуччиев «Энг илғор БАТ-2 экипажи» номинацияси ғолиби дея эълон қилинди.

Хитойнинг Корла шаҳрида ўтказилган V Халқаро армия ўйинларининг «Мусаффо осмон» мусобақаси 3 босқичда: «маҳорат», «ҳамкорлик» ва «аралаш эстафета» шартлари бўйича ўтказилди.

Хитой, Россия, Беларусь, Миср, Венесуела, Покистон ва Ўзбекистон жамоалари «Type 92A» БТР техникасида ҳаракатланиш, QW-2 кўчма зенит ракета мажмуасидан сониясига 250−300 метр тезликда учаётган «Вертолёт» нишонини ҳамда 12,7 миллиметрли зенит пулемёт қурилмасидан бошқа нишонларни яксон қилиш машқларини бажарди.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси 2018 йилда 5-ўринни қўлга киритган бўлса, бу йил 3-ўринни эгаллади.