18 август куни Россиянинг Новосибирск вилоятидаги К-17р трассасининг 374-километрида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида етти нафар Ўзбекистон фуқароси жароҳатланди. Барча жабрланувчилар Новосибирск вилояти Карасук шаҳри Марказий туман шифохонасига жойлаштирилди, дея хабар қилди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Новосибирск вилояти бўйича Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Honda Step Wagon микроавтобуси ҳайдовчиси бошқарувни йўқотган ва автомобиль йўл четидаги ариққа ағдарилган. Авария натижасида ҳайдовчи ва 62 ёшли йўловчи аёл олган тан жароҳатлари натижасида тез тиббий ёрдам машинасида вафот этган.

ЙТҲ юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда, авария сабаблари ва тафсилотларига аниқлик киритилмоқда.

Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги Бош консулхонаси вазиятни ўз назорати остига олди ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда тиббиёт муассасалари билан алоқада бўлиб турибди, дейилади хабарда.