Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ тумани марказида 18×36 ўлчамдаги замонавий спорт зали ҳамда 25×11 ўлчамдаги сузиш ҳавзаси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Мўйноқ тумани ҳокими ўринбосари Ильяс Мирзамбетовнинг таъкидлашича, умумий қиймати 5,7 миллиард сўм бўлган ёпиқ сузиш сув ҳавзаси туманда илк бор ишга тушмоқда.

Яқинда «Орол» футбол стадиони қурилиб, у ерда туман ёшлари спортнинг футбол, регби, енгил атлетика турлари билан мунтазам равишда шуғулланиши учун имконият яратилган эди. 18×36 ўлчамдаги замонавий спорт залида баскетбол, волейбол, қўл тўпи спорт турлари билан шуғулланиш учун барча шароит яратилган.

Бундан ташқари Мўйноқ шаҳрида «Future Moynak», «IT-Center» ва «Book Café» марказлари қурилмоқда ва яқин орада ишга тушади.

Эслатиб ўтамиз, IТ-марказларида ўқув асосан 4 йўналишда, яъни, анимация, веб-дизайн, кино-видео маҳсулотлари, компьютер ўйинларини ишлаб чиқариш соҳалари бўйича билим берилади. Шунингдек, ўқувчиларга дарслар жараёнида дастурлаш, компьютер анимацияси, 2D графика, 3D моделлаштириш ҳам ўргатилади.