Ўзбекистонда деноминация қилиш режалаштирилаётгани йўқ, дея маълум қилди Ўзбекистон Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуратов сешанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

«Деноминация, бу — оддий нарса эмас, бу шунчаки учта нолни олиб ташлаш эмас. Бу катта иқтисодий тайёргарлик, иқтисодий харажатларни талаб қилади, — деди у. — Биз учун буни амалга оширишга ҳеч қандай эҳтиёж йўқ».

Марказий банк раҳбари қайсидир давлат деноминация ўтказмоқчи бўлса, у аввалига иқтисодий барқарорликка эришиб олиши зарур.

«Биз аввалига иқтисодиётга бозор механизмларини жорий этамиз. Бу ғояни [деноминация ҳақидаги] унутишингиз мумкин. Марказий банк раиси сифатида ҳаммага етказишни хоҳлар эдимки, ҳеч ким деноминация қилиш ҳақида ҳатто ўйлаб ҳам кўргани йўқ», — деди Мамаризо Нурмуратов.

У, шунингдек, улкан инфляцион босим остида валюта кучли қадрсизланган ёки иқтисодий барқарорликка эришиб, инфляция бир хонали рақамларда акс этганда, масалан 3−4 фоизни ташкил этганда ёхуд ҳисоб-китоблар билан боғлиқ муаммолар кузатилганида амалга оширилишини таъкидлаб ўтди.

Деноминация тўғрисидаги гап-сўзлар 20 август куни эрталаб ижтимоий тармоқларда тарқалди, худди шу куни Марказий банк тижорат банклари нақт хорижий валюталарни сотишни бошлагани ҳақида эълон қилди.