Халқаро атом энергияси агентлигининг (МАГАТЭ) ядро инфратузилмаларини комплекс ўрганиш бўйича миссияси INIR (Integrated Nuclear Infrastructure Review) 2020 йилда Ўзбекистонга ташриф буюради. Бу ҳақда 19 август куни Тошкентда ташриф билан бўлиб турган МАГАТЭ бош директори ўринбосари Михаил Чудаков журналистларга маълум қилди.

«Биз INIR — ядро инфратузилмаларини интеграциялашган текширувини ўтказишни таклиф қилмоқдамиз, биз Ўзбекистон билан келишдик, улар келгуси йил бундай текширувга буюртма беради», — деди Михаил Чудаков Энергетика вазирлиги ва «Ўзатом» агентлиги раҳбарияти билан музокаралар якунлари бўйича.

Унинг сўзларига кўра, МАГАТЭ ҳужжатлари атом соҳасини ривожлантирни мақсад қилган давлатларнинг назорат қилувчи ва бошқарувчи органларини ташкил этиши лозим. «Биз Ўзбекистонда атомни ривожлантириш доирасида миссиялар туркумини ўтказишга тайёрмиз», — деди у.

«Ўзатом» бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистон апрелда ядро-энергетика дастурлари ҳолатини баҳолаш учун INIR миссиясини ўтказишни сўраб расмий мурожаат йўллаганини маълум қилди.

«Октябрда Тошкентда ўзбек мутахассисларини ушбу миссияга тайёрлаш бўйича МАГАТЭ семинари ташкил этилади», — деди у.

МАГАТЭ билан ҳамкорликда Ўзбекистондаги биринчи АЭС қурилиши лойиҳасини амалга ошириш доирасида 2020−2021 йилларда кадрлар салоҳиятини ошириш ва ядро инфратузилмаларини яратиш дастури ишлаб чиқилди.

2018 йилнинг сентябрида Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари Ўзбекистон ҳудудида АЭС қурилишида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги битимни имзолади. «Росатом» давлат корпорацияси ВВЭР-1200 реактоор қурилмаларини ўз ичига олган иккита «3+» авлод энергоблокдан иборат мажмуани қуришни режалаштирмоқда.

Аввалроқ Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистон ва Россия 2019 йил охирига қадар АЭС қурилиши бўйича шартнома имзолаши мумкинлигини маълум қилган эди. Қурилиш ишларини 2022 йилда Россия ҳукумати кредит маблағларини жалб этган ҳолда бошлаш режалаштирилган.