Марказий ҳарбий округ жанговар тайёргарлик бошқармаси томонидан Мудофаа вазирлиги қўшинларида жанговар тайёргарликнинг оддий ва самарали усулларини қўллаш бўйича бир нечта усул ва услублар ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати маълум қилди.

Жиззах гарнизонидаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари томонидан янгича ёндашувдаги ушбу машқлар ҳарбий эстафета мусобақаси кўринишида кўрсатиб ўтилди.

Ўзбекистон Қуролли Кучларининг қудратини оширишда бевосита жанговар тайёргарлик машғулотларининг ўрни катта. Шу сабабли ҳозирги вақтда оддий, лекин самарали усул ва услублар ўйлаб топилмоқда.

Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг ўринбосари полковник Пўлат Сотиволдиев томонидан тавсия қилинаётган амалий машқ усуллари ва унга керак бўладиган ўқув моддий база оддийлиги билан фарқланади. Кам вақт сарфлаб, қўлбола воситалардан фойдаланган ҳолда яратилган «машқ майдончаси» ҳарбий хизматчиларнинг бўлинма ва якка тартибда жисмоний қобилиятлари ва билимларини оширишга хизмат қилади.

Жумладан, жамоавий комплекс ўқитиш, кўз боғланган ҳолда қуролни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш, жанг майдонида ҳар хил усулларда отиш ҳолатини эгаллаш, комплекс шуғулланиш, жанг майдонидан ярадорларни олиб чиқиш, ўқ-дори етказиш, тўсин билан жамоавий шуғулланиш ва бошқа машқлар ҳарбий жамоалар ўртасидаги соғлом рақобат муҳитини яратиб, ҳарбий хизматчиларнинг эпчиллик ва чаққонлик фазилатларини янада ривожлантиради.

Мисол учун, «Аскарлар ёпинчиғи» услубида айлана шаклида ўқотар қуроллар намуналари қўйилади. Ҳарбий хизматчилар эса қуроллардан бирқадам узоқликда туришади. Буйруқ берилгандан сўнг, ҳаракат соат йўналиши ёки қарама-қарши йўналиш бўйлаб алмашган ҳолда давом эттирилади. Бунда бўлинмаларнинг барча таркибдаги қуролларни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш малакаси оширилади.

Шунингдек, ҳарбий округда инновацион ёшдашувлар асосидаги ихтирочилик ишлари йўлга қўйилган бўлиб, уларни қўшинларда татбиқ этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.