АҚШ Давлат департменти 15 август куни эълон қилинган шаффофлик бўйича ҳар йиллик ҳисоботда Ўзбекистонни шаффофлик учун минимал талабларни бажармаётган 67 та давлат рўйхатига киритди. Рўйхатдан Озарбайжон, Хитой, Мирс, Ироқ, Туркманистон, Саудия Арабистони сингари давлатлар жой олди.

Ҳужжатда АҚШ 2018 йил 1 январдан 31 декабргача молиявий ёрдам кўрсатган 140 ҳукумат фаолияти таҳлил қилинган. Бундай таҳлиллар АҚШ солиқ тўловчилари маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлашга ёрдам беради, дейилади ҳисоботда.

Ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистон тасдиқланган давлат бюджетини кенг жамоатчиликка эълон қилган ҳолда сезиларли ўсишга эришди. Бироқ эълон қилинган бюджет ҳужжатлари режалаштирилган харажатлар ҳамда даромадлар оқимини тўлиқ акс эттирмайди. Унда вазирликлар харажатлари ва қарз мажбуриятлари ҳақидаги батафсил маълумотлар келтирилмаган. Шунингдек, табиий ресурслардан олинган даромадлар ва ҳукуматнинг бюджетдан ташқари ҳисоблари тўғрисидаги маълумотлар ошкор қилингани йўқ.

Давлат департаментининг қайд этишича, қуйидагилар амалга оширилса, Ўзбекистоннинг фискал шаффофлиги таъминланади:

  • қарз мажбуриятлари, вазирликларнинг батафсил харажатлари тўғрисидаги маълумотларни очиқ эълон қилиш;
  • бюджет ҳужжатлари ишончлилигини таъминлаш;
  • ҳукумат томонидан бюджетнинг ижро этилиши бўйича аудиторлик ҳисоботларини «оқилона муддатларда» тайёрлаш ва эълон қилиш;
  • табиий ресурсларни қазиб олиш учун лицензия ва шартномаларни тақсимлаш бўйича қонун ҳужжатлари талабларини ошкор қилиш ҳамда уларнинг амалдаги ижросига риоя этиш ва бошқалар.