Вазирлар Маҳкамасининг 17 августдаги қарори билан Ўзбекистон Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномаларига эга бўлган фуқароларни олий таълим муассасаларига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди, дея хабар қилди Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Низомга мувофиқ, тавсияномага эга абитуриентлар учун республика олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул бўйича давлат буюртмаси параметрларига қўшимча равишда алоҳида қабул кўрсаткичлари белгиланади.

Алоҳида қабул кўрсаткичлари ҳар бир ОТМ бакалавриатига (ҳар бир таълим шакли — кундузги, кечки, сиртқи бўйича) давлат буюртмаси параметрларининг 5 фоизини ташкил этади.

Кириш имтиҳонларида тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 30 фоизидан кам бўлмаган балл тўплаган, тавсияномага эга абитуриентлар талабаликка тавсия этилади.

Низомга кўра, тавсияномага эга абитуриентлар улар учун белгиланган биринчи олий таълим муассасаси бўйича танловда иштирок этади. Улар мазкур йўналишда ўқишга киролмаган тақдирда, кейинги таълим йўналишларида танловда умумий тартибда қатнашади (яъни, бу йўналишларда тавсияноманинг аҳамияти бўлмайди, барча абитуриентлар қатори умумий рақобатга киришади).

Мазкур Низом талаблари олий ҳарбий таълим муассасалари, Ўзбекистондаги хорижий олий таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари, нодавлат ОТМларга нисбатан татбиқ этилмайди.