Бугун МОҚда Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Конференцияда кун тартибига қўйилган асосий масала ассоциациянинг амалдаги раиси Улуғбек Мирҳайдаровнинг ўз хоҳишига кўра лавозимидан озод этилиши бўйича ёзган аризасини кўриб чиқиш ва унинг ўрнига янги раҳбар сайлаш бўлди.

Йиғилиш давомида дастлаб У.Мирҳайдаров аризаси кўриб чиқилди. Конференция иштирокчилари бир овоздан унинг истеъфосини қабул қилишди.

Шундан сўнг МОҚ вице-президенти Азиз Комилов сўзга чиқиб, ассоциация раҳбарлиги учун шу пайтгача Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияси раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган Мухторхон Махсудович Тошхўжаев номзодини илгари сурди ва йиғилганларга номзод ҳақида қисқача маълумот бериб ўтди. Овоз бериш жараёнида барча бир овоздан янги номзодни маъқуллади ва Мухторхон Тошхўжаев Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциациясига янги раҳбар этиб сайланди.

«Аввало, менга билдирилган ишонч учун ҳаммага раҳмат. Олдимизда Токио-2020 паралимпия ўйинларидек масъулиятли мусобақа турибди. Риода қайд этилган натижа тасодиф эмаслигини исботлаш учун барчамиз биргаликда ҳаракат қиламиз. Жамоанинг ҳамжиҳатлигисиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Умид қиламанки, барчамиз бир жамоа бўлиб, олдимизга қўйилган вазифаларни адо этамиз», — деди Мухторхон Тошхўжаев.