2019 йил 16 августда Энергетика вазирлигида Осиё тараққиёт банки билан давлат-хусусий шерикчилиги (ДХШ) шартлари асосида умумий қуввати 1000 МВт гача бўлган ҳамда тахминий лойиҳа қиймати 800 млн. АҚШ долларига тенг бир қатор фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича маслаҳат хизматларини кўрсатишга доир битим имзоланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Камида 100 МВт қувватли фотоэлектр станциясини қуриш бўйича биринчи синов лойиҳасини амалга ошириш жойи сифатида (ушбу битимга кўра) Сурхондарё вилоятининг Шеробод тумани танланган.

ОТБ ушбу битимга мувофиқ, маслаҳатчи сифатида иш юритади, лойиҳанинг концепцияси, молиявий модели, лойиҳавий-баҳолаш ҳужжати (ТЭО), электр энергияни харид қилиш тўғрисидаги битим (RFQ) тайёрланишини ташкиллаштиради ҳамда энергетика соҳасидаги етакчи мутахассисларни жалб этган ҳолда халқаро тендерни ўтказади.

Ушбу лойиҳа Энергетика вазирлиги томонидан ОТБ, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, ДХШ ривожлантириш агентлиги кўмагида ва мувофиқлаштирилиши ёрдамида амалга оширилади. Лойиҳа амалга оширилишининг бошланиши 2021 йилга мўлжалланмоқда.

Сурхондарё вилоятида фотоэлектр станциясини қуриш тўғрисидаги битим шу йилнинг 18 июлида энергетика секторини ислоҳ қилиш бўйича ўтказилган давра суҳбати давомида имзоланди. Ушбу учрашувда халқаро ташкилотлар ва йирик хорижий компанияларнинг 150 нафардан зиёд вакиллари иштирок этди. Давра суҳбати давомида таъкидландики, инвестицияларнинг энг йирик ҳажми янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш учун зарур. Режага кўра, умумий қуввати 15 ГВт га тенг янги электр станциялар «фақат» мўлжалланаётган ҳажми 17,3 млрд. долларга тенг тўғридан тўғри инвестициялар ҳисобига барпо этилади.

Янги электр станциялар учун зарур инвестициялар

Шуни таъкидлаш керакки, ҳозирги пайтда Навоий вилоятида Халқаро молиявий корпорация (ХМК) томонидан амалга оширилаётган қуввати 100 МВт га тенг бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш бўйича лойиҳа юзасидан тендер таомиллари муваффақиятли ўтказилмоқда. 25 дан зиёд етакчи хорижий компаниялар тендерда иштирок этишга қизиқиш билдирди. Тендер ғолиби билан жорий йилнинг охирида ДХШ тўғрисида битим тузилиши мўлжалланмоқда.

ХМКнинг тендер таомилларини ўтказиш учун зарур ҳужжатларни тайёрлаш бўйича тажрибага эга эканлигини ҳисобга олган ҳолда, бошланғич босқичда корпорация томонидан йирик энергетик лойиҳалар амалга оширилишини фаол қўллаб-қувватлаши зарурияти сезилмоқда.

2030 йилгача ДХШ бўйича қатор йирик лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган. Бунда уларнинг асосий қисми қайта тикланадиган энергия манбалари (ҚЭМ) га тўғри келади. Шу жумладан, республиканинг бир нечта ҳудудида қуввати 5 ГВт гача бўлган фотоэлектр станциялари ва қуввати 1,7 ГВт га тенг шамол электр станциялари, шунингдек, Сирдарё вилоятида қуввати 2,6 ГВт га тенг иссиқлик электр станциялари қурилиши бўйича лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.

Санаб ўтилган лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга оширишга сарфланадиган харажатларнинг асосий қисми ХМК томонидан, шу билан бирга, бюджет ҳисобидан тўланадиган харажатларнинг бир қисми тендер ғолиби томонидан қопланади.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.03.2019 даги ПҚ-4249 сонли қарори билан белгиланган энергетика соҳасини ислоҳ қилиш бўйича вазифалардан келиб чиқиб, халқаро молия институтлари (ХМИ) уларни, айниқса, хусусий инвестицияларни жалб қилиш орқали, шу жумладан, ХДШ механизми воситасида амалга оширишда техник ва молиявий ёрдам кўрсатмоқда.