Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев ва унинг турмуш ўртоғи Раиса Атамбеванинг мамлакатдаги 25 та тижорат банкидаги ҳисоб рақамлари унга қарши жиноят иши доирасида музлатилди. Бу ҳақда BBC рус хизмати Бош прокуратура маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.

Бундан ташқари, собиқ президент оиласига тегишли бўлган бир қатор компания ва ташкилотлар, жумладан «Қирғизавтомаш», «Апрель» телеканали, «Медиа Форум» ва «Апрель» жамоат фонди ҳибс остига олинди.

Раиса Атамбева журналистларга унга қарши ҳам жиноят иши қўзғатилганини хабар қилди. У буни Президент аппаратининг суд ислоҳотлари ва қонунчилик бўлимининг собиқ раҳбари Манас Арабаев билан боғлиқ эканини таъкидлади.

Алмазбек Атамбаевга қарши жами 12 та жиноят иши қўзғатилган. У, жумладан, қотиллик, оммавий тартибсизликларни ташкил этиш, коррупция ва бошқа жиноятларда айбланмоқда.