Бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида бокс федерациясининг Токио олимпиадасига тайёргарлиги юзасидан ҳисобот-конференцияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Конференцияни Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби Мурод Мамадалиев бошлаб берди. У ўз тақдимотида барчани Халқаро олимпия қўмитасининг бокс мусобақаларини ўтказиш бўйича тасдиқлаган тизими, боксчилар қайси мусобақалар орқали лицензия қўлга киритиши, олиб бориладиган ўқув-машғулот йиғинлари борасидаги режалар билан таништирди. Маълумки, ХОҚнинг қарори билан бокс баҳслари Токио олимпиадасида эркаклар ўртасида 10 вазн тоифасидан 8 тага туширилган. 7−21 сентябрь кунлари Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ўтадиган жаҳон чемпионатида янги вазн тоифалари амал қилади. Тадбир доирасида ушбу дунё биринчилигида иштирок этадиган терма жамоа таркиби ҳам эълон қилинди:

-52 кг: Шаҳобиддин Зоиров
-57 кг: Миразиз Мирзахалилов
-63 кг: Элнур Абдураимов
-69 кг: Бобоусмон Батуров
-75 кг: Фанат Қаҳрамонов
-81 кг: Дилшод Рўзметов
-91 кг: Санжар Турсунов
+91 кг: Баҳодир Жалолов

Мурод Мамадалиев ўз чиқиши давомида жаҳон чемпионатида делегация учун махсус ишлаб чиқилган кийимлар тақдимотини ҳам ўтказди.

Шундан сўнг терма жамоа бош мураббийи Марат Қурбонов сўзга чиқиб, жаҳон чемпионати ва олимпиадага тайёргарлик бўйича ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Тайёргарлик бўйича муаммо деярли бўлгани йўқ. Аввалги жаҳон чемпионати билан солиштирадиган бўлсак, таркиб 60 фоизга ўзгарган. Екатеринбургдаги дунё биринчилиги кўп мамлакатлар учун олимпиада тайёргарлик йўлидаги йирик назорат турнири бўлиб хизмат қилади. Биз Россияда қатнашадиган таркибимизни олимпиада саралашига ҳам олиб борамиз, дейишдан йироқман. Уларнинг қайд этган натижаларига қараб келаси йил январь ойида Хитойда ўтадиган квалификация турнирига таркиб ўзгариши ҳам мумкин. Айнан ушбу саралашда биз максимал даражада лицензия олишга ҳаракат қиламиз», — деди Марат Қурбонов.