Кеча Zarnews.uz сайтида Халқ депутатлари Оқдарё туман Кенгаши депутати Тўлқин Ҳомидовнинг «Оқдарёда радарларни ЙҲХ ходимлари нега бузиб олиб кетишди? Мутасаддилар автомагистраль йўлни кесиб мактабга борадиган болаларнинг хавфсизлигини ўйламаяптими?» мавзусида мақола берилган эди. Ушбу мақола юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати қуйидагиларни маълум қилади:

«Вилоят ИИБ раҳбарияти содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг таҳлилларидан келиб чиққан ҳолда халқаро ва давлат аҳамиятига эга бўлган йўлларнинг қисми ўтган вилоятнинг барча шаҳар-туманлари ҳокимларига тезлик ўлчаш фоторадар ускуналарини харид қилиш таклифи билан чиққан.

Шу жумладан Оқдарё тумани ҳудудидан М-37 автомобиль йўлининг 40 км.лик масофаси (4−44 км) ўтганлигини инобатга олиб, туман ҳокимлиги ва Тошкент шаҳридаги ООО «SATELLITE NAVIGATION AND AGRICULTURAL TECHNOLOGY» корхонаси ўртасида 2 та тезлик ўлчаш фоторадар ускунасини харид қилиш бўйича шартнома расмийлаштирилган, лекин бу ускуналар ҳали харид қилинмаган.

Шартнома бўйича бир дона фоторадар ускунасининг нархи 275 млн 500 минг сўмни ташкил этганлигини, шунингдек инсон омилисиз онлайн режимида ишлайдиган мазкур ускуна интернет алоқаси яхши бўлмаган жойда ҳайдовчилар томонидан содир этилаётган белгиланган тезликни ошириш қоидабузарлигини қайд этмаслигини инобатга олсак бундай ускунадан фақат интернет алоқаси яхши бўлган жойда унумли фойдаланишни тақозо этади.

Ҳақиқатдан ҳам Оқдарё тумани ҳудудидан ўтувчи М-37 «Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши» автомобиль йўлининг 25,5 км.га инсон омилисиз онлайн режимида ишлайдиган тезлик ўлчаш фоторадар ускунасини ўрнатиш режалаштирилган.

Шу мақсадда «Бутанош» аҳоли яшаш жойининг ушбу қисмига ҳудудий хизмат кўрсатувчи Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари ташаббуси билан пиёдалар ўтиш жойини 2 томонлама ёритувчи замонавий лайд ёритиш чироқлари билан жиҳозланган темир трубали устуни ўрнатилиб, лекин ҳанузгача тезлик ўлчаш фоторадар ускунаси қўйилмаган эди.

Самарқанд вилояти бўйича фоторадар ускуналарини етказиб бериш ва ўрнатиш учун тендер ғолиби бўлган Тошкент шаҳридаги ООО «SATELLITE NAVIGATION AND AGRICULTURALTECHNOLOGY» корхонаси масъул ходимлари томонидан жорий йил 13 август куни ўрганилганда ушбу жойда онлайн тизимида маълумотларни жўнатиш ва қабул қилиш бўйича интернет алоқаси қониқарсиз ҳолда эканлиги, бу эса ўз навбатида фоторадар ускунасининг бир меъёрда узлуксиз ишлашини таъминламаслиги боис уларни техник шартларига кўра интернет алоқаси яхши бўлган жойга ўрнатилиши лозим топилгач, ўрнатилган темир трубали устун мутахассислар иштирокида тахминан 50−60 метрлар пастроққа кўчириб ўрнатилди.

Фуқаро Т.Ҳомидовнинг 2019 йил 13 июнь куни Оқдарё туманида бўлиб ўтган сайёр қабулдаги мурожаати юзасидан вилоят ИИБ ЙҲХБ ҳамда Самарқанд мунтазам йўллардан фойдаланиш унитар корхонасининг масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилиб, М-37 автомобиль йўлининг 25.5 км.даги пиёдалар ўтиш жойи барча зарур йўл белгилари билан жиҳозланиб, йўл ётиқ чизиқлари чизилганлиги, туман ҳокимлигини заҳира маблағлари ҳисобидан онлайн режимда ишловчи фоторадар ускунаси харид қилиш учун зарур чора-тадбирларни амалга оширишда амалий ёрдам бериш юзасидан Оқдарё туман ҳокимлигига таклиф киритилганлиги, туман ҳокимлиги томонидан маблағ ажратилгандан сўнг ўрнатилиши маълум қилинган эди. Фоторадар харид қилингандан кейин мутахассислар таклиф этган ушбу жойга ўрнатиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Ушбу пиёдалар ўтиш жойига йўлнинг қатнов қисмини кесиб ўтаётган пиёдаларнинг ҳаракат жадаллигини инобатга олган ҳолда ГОСТ 23457–86 «Давлат стандарти» талабларига асосан светофор ўрнатилиши мақсадга мувофиқ эмаслигини маълум қиламиз", — дейилади жавобда.