Аввалроқ Жиззах, Наманган, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида қурилиши режалаштирилган 32 та микрогидроэлектр станцияси лойиҳаси ўзини оқламайди, деган қарорга келинди. Сув оқими даврининг қисқалиги, сув босими (1−4,5 м) ва сарфининг (сониясига 0,25 — 4 куб метр) пастлиги бунга сабаб бўлди. Вазирлар Маҳкамасининг 12 августдаги қарорида бу ҳақда сўз боради, дея хабар қилди Norma.uz.

«Ўзбекгидроэнерго» компанияси ҳамда «Гидролойиҳа» лойиҳа институти мутахассислари Андижон, Жиззах, Наманган, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида микроГЭСлар қурилиши учун истиқболли майдончаларда ўрганишлар олиб борди.

Мутахассислар участкалардаги текширувларни Жиззах вилоятидаги Зомин сув омбори каналида қуввати 200 кВт бўлган микроГЭС қурилиши бўйича синов лойиҳаси натижаларини ҳисобга олган ҳолда олиб борди.

Ўрганишлар жараёнида мутахассислар янги микроГЭСлар қурилиши учун Андижон (6), Қашқадарё (2), Самарқанд (5) ва Фарғона (1) вилоятларида жами 14 та истиқболли сув оқими участкаларини аниқлади. Ушбу участкаларда сув босими (6−90 м), сув сарфи (сониясига 1−8 куб метр) ва йил давомида оқим даврийлиги юқори экани маълум бўлди.

Шундай қилиб, умумий қуввати 10,05 кВт бўлган жами 19 та микроГЭС қуриладиган бўлди. Қурилиш учун 12 млн доллардан зиёд маблағ сарфланади. Уларни 2019 йилнинг тўртинчи ҳамда 2020 йилнинг учинчи-тўртинчи чоракларида фойдаланишга топшириш мўлжалланган.