Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги заҳарланиш оқибатида оғир аҳволга тушиб қолган тўрт нафар Ўзбекистон фуқаросини Самара вилоятидаги тиббиёт муассасасидан Москвадаги Миллий гематология тиббий тадқиқот марказига олиб бориш ташкиллаштирилди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати Қозон шаҳридаги бош консулхона маълумотларига таянган ҳолда хабар қилди.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг махсус самолёти 16 август куни «Жуковский» аэропортига қўнган. Уни Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонаси раҳбари ҳамда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчисининг Москвада миграция масалалари бўйича маслаҳатчиси кутиб олган. Улар Ўзбекистон фуқароларини махсус транспортда ташиш ва гематология марказига жойлаштиришга ёрдамлашган.

Ҳозирда Самара вилояти тиббиёт муассасаларига бориб, ватандошларга ёрдам кўрсатиш учун Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигида шифокорлар гуруҳи шакллантирилмоқда, дея қайд этди Меҳнат вазирлиги.

Аввал хабар қилинганидек, июль ойида ўрталарида Россиянинг Самара вилоятидаги «Кошелевский посад» корхонасида ишлаётган 69 нафар ўзбекистонлик номаълум моддадан заҳарланган эди. Улардан бири ҳаётдан кўз юмди, яна 48 киши турли тиббиёт муассасаларида даволанишни давом эттирмоқда.