Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон учун энг катта хавф кадрларнинг савияси, билими, илми ва фидойилигида кўришини маълум қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари 14 август куни биринчи ярим йилликда мамлакатни ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилди. «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Янгиликлар 24» дастурида тадбир тўғрисидаги телелавҳа намойиш этилди.

«Нима учун бунчалик кўп қарор чиқаяпти? Биз ҳаммамиз изланишдамиз, изланиш, изланиш ва яна бир марта изланиш, — дея таъкидлади давлат раҳбари. — Мана шундай оғир шароитда 33 ярим миллион аҳолини боқиб, уларни рози қилиб, эртанги олган катта-катта режаларимизни амалга ошира оламизми-йўқми деган савол ҳаммангизни қийнаши керак. Тўрт ярим ой вақт қолди йил якунланишига».

«Энг катта хавф нимада бизда, деган савол мени қийнайди. Энг катта хавф — кадрларнинг савиясида, билимида, илмида ва фидойилигида. Минг афсус, энг оғир масала шу», — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев йиғилишдаги ҳар ким ўз виждони олдида ҳисоб бериши кераклигини қайд этди.

«Бугунги иш услубимиз бизнинг бугунги даражамизга мутлақо жавоб бермайди. Агар сизлар ўзгармас экансизлар, вазият ўзгармайди. Бугун мажлис эмас, бугун виждонимиз олдида ҳисобот. Шунга муносибмизми-йўқми? Имконият ўзимизнинг қўлимизда. Биз шундан тўғри хулоса қилиб фойдалана оламизми-йўқми? Биз мен айтган шу сув йўқлиги, газ йўқлиги, электр йўқлиги… алам қилмайдими бизга? Янги Ўзбекистонни тузаяпмиз, ҳамма соҳалар бўйича демократик давлат нуқтаи назаридан олдимизда турган катта синовлар нуқтаи назаридан ақлимиз билан, билимимиз билан, садоқатимиз билан одамларни ишонтира оламизми-йўқми?» — дея савол берди мамлакат раҳбари.

Президент аввал ҳам стратегик соҳаларнинг замонавий кадрларга эҳтиёжи ҳақида сўзлаган эди. Мавжуд мутахассисларнинг катта қисми мамлакатдаги тузилмавий ислоҳотларга тайёр эмаслиги, уларнинг билим, кўникма ва малакалари замонавий талабларга жавоб бермаслигини таъкидлаган эди у.