Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Сурхондарё вилояти Шеробод тумани ҳокими Ўрол Бобоқуловнинг Сурхон давлат қўриқхонасининг биологик хилма-хиллиги ва унинг ноёб экотизимини хавф остига қўйган ноқонуний ҳаракатлари тўғрисида маълум қилди.

Қайд этилишича, 30 июнь куни туман ҳокими тадбиркор Б, Эшбоевга (Ko'xitang Sharsharali Bog’lari компанияси) қўриқхона ҳудудидан меҳмонхона қуриши учун ер майдони ажратиш тўғрисидаги қарорни имзолаган. Ваҳоланки давлат қўриқхонаси ҳудудида назорат қилинувчи илми изланишлардан ташқари ҳар қандай хўжалик фаолияти тақиқланган. Улар Халқаро табиатни муҳофаза қилиш кенгашининг (IUCN) I тоифаси қўриқланувчи ҳудудларидан ҳисобланади.

«Мазкур ҳаракатлар Ўзбекистон Республикасининг «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида"ги қонунининг қўпол равишда бузилишидир. Қўриқхона муҳофаза қилинадиган умумдавлат аҳамиятига эга табиий ҳудуд ҳисобланади. Уни ташкил этиш, ҳудудини ўзгартириш ва қайта ташкил этиш билан боғлиқ барча қарорлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси даражасида қабул қилинади», — дея таъкидлади Давлат экология қўмитаси вакили.

Давлат экология қўмитаси туман ва вилоят ҳокимиятлари, шунингдек Шеробод туман прокуратурасига қонунбузарлик тўғрисида маълумот юборди.

«Сурхондарё вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Шеробод туман ҳокимиятига мурожаат қилди. туман ҳокимияти мурожаатни инкор этмоқда. Сўнгра бошқарма бизга (Давлат экология қўмитасига) мурожаат қилди. Биз ноқонуний ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисидаги расмий хат билан туман ва вилоят ҳокимиятларига чиқдик», — дея хабар қилинди қўмитадан.

Муносабат бўлмагани сабабли 10 август куни Давлат экология қўмитаси вакиллари Сурхон қўриқхонасига бориб, ҳоким қарорининг қонунга зид эканини тушунтириш учун тадбиркор ва Кадастр бошқармаси вакиллари билан учрашди.

Сўнгра улар Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов билан учрашди. Учрашувда Ўзбекистон қатор халқаро биологик битим ва конвенциялар, жумладан БМТнинг биологик хилма-хиллик тўғрисидаги конвенцияси иштирокчиси экани қайд этилди. Мамлакат ўз мажбуриятлари доирасида биринчи навбатда биохилма-хилликни сақлашга мўлжалланган муҳофаза қилинувчи табиий ҳудудлар майдонини ошириши ва ушбу мақсадда давлат қўриқхоналарини ташкил этиши борасидаги вазифаларини бажариши лозим.

Сурхондарё вилояти ҳокими билан учрашув якунлари бўйича ушбу масаланинг тез орада ечимини топиши маълум қилинди.

«Газета.uz» маъмурият сайтида кўрсатилган телефон рақами орқали Сурхондарё вилояти ҳокимияти билан боғланишнинг уддасидан чиқа олмади.