Усмон Исмоилович Раҳимов Олмалиқнинг янги ҳокими бўлди. Унинг номзоди 15 август куни бўлиб ўтган халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари 39-сессиясида тасдиқланди, дея хабар қилди Тошкент вилояти ҳокимияти матбуот хизмати.

Усмон Раҳимов — Тошкент давлат техника университети битиручиси (1999). Меҳнат фаолиятини «Тошнефтгазқурилиш» компаниясининг «Пайвандқурилишмонтаж» УКда муҳандисликдан бошлаб, бош механик, директор ўринбосари ва директор лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтган.

Усмон Раҳимов.

Кейинчалик Тошкент вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатди.

2018 йилдан Нурафшон шаҳри (собиқ Тўйтепа шаҳри, ҳозирда Тошкент вилоятининг маъмурий маркази) ҳокими лавозимини эгаллади.

Сессияда сўзга чиққан вилоят ҳокими в. б. Рустам Холматов шундай деди: «Мен Тошкент вилоятида олдин ҳам масъул вазифаларда ишлаганман. Олмалиқ шаҳри қиёфаси ўша ўн йиллар олдин ҳам деярли шундай эди. Шаҳарда туб ўзгариш кўзга ташланмаяпти. Ваҳоланки, пойтахтга борсангиз, шаҳар қиёфаси йил сайин ўзгариб бораётганини кўрасиз».

Унинг сўзларига кўра, сентябрда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи кутилмоқда. «Биз давлат раҳбарининг ташрифига тайёрмизми? Олмалиқда Президент ислоҳотлари самаралариниоддий одамлар ҳис қилаяптими? Бугун ҳаммамиз ана шу саволга виждонан жавоб беришимиз керак», — деди вилоят маъмурияти раҳбари.

Олмалиққа 2018 йил августидан буён раҳбарлик қилиб келаётган Ўктамжон Каримов июль ойи охирида Ўзбекистон иқтисодиёт ва саноат вазири ўринбосари этиб тайинланган эди.