15 августдан Тошкент жамоат транспорти — метро ва автобусларда йўл ҳақи 1200 сўмдан 1400 сўмга оширилади. Бунда ойлик йўл чипталари нархи ўзгармайди, дея хабар қилди Тошкент ҳокимияти матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, 15 августдан Ўзбекистонда ёқилғи нархи ҳам қимматлашади. Аи-80 автобензинининг чакана нархи 4500 сўм, дизель ёқилғиси — 5400 сўм, ЭКО дизель ёқилғиси — 5700 сўмга ошади.

Бундан ташқари, худди шу санадан табиий ва суюлтирилган газ, шунингдек электр энергияси тарифлари ҳам оширилади. Ёқилғи-энергетика нарх ва тарифларининг ўзгариши Вазирлар Маҳкамасининг 30 июлдаги қарори билан тасдиқланган.

Шаҳар жамоат транспортида йўл ҳақи охирги марта 2016 йилнинг апрелида оширилган эди.