13 август куни, Москва вилоятида жойлашган Алабино дала-ўқув майдонида Халқаро армия ўйинларининг «Танк биатлони» йўналиши бўйича ярим финал баҳслари ўз ниҳоясига етди. Унда иштирок этган вакилларимиз энг яхши натижани қайд этиб, финалга йўл олди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Қизғин ва шиддатли баҳсларга бой бўлган чорак финал баҳсларида ҳам Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган ҳарбий хизматчилар барча тўсиқлардан муваффақиятли ўтиб, энг яхши натижани кўрсатган эди.

Бугунги баҳсда жамоаларнинг ҳар учала экипаж аъзолари катта майдонга тушиб, эстафеда шартини бажаришди. Шарт давомида улар тўсиқлардан талофатсиз ўтиш, белгиланган нишонларни йўқ қилиш ва имкон қадар қисқа вақт ичида финиш чизиғини босиб ўтиши керак эди. Ўзбекистон вакиллари Т-72 Б-3 танкини маҳорат билан бошқариб, барча иштирокчи жамоалар ичида энг яхши натижани қайд этишди. Вакилларимиз жами 2 соату 37 сонияда маррага биринчи бўлиб етиб келди. Бу вақт ичида 10 та нишон яксон қилинди.

Таққослаш учун айтиш мумкинки, Ўзбекистон билан финалда куч синашадиган Веътнам жамоаси 2 соат 44 дақиқаю 28 сония, Куба 2 соат 44 дақиқаю 36 сония, Уганда эса 3 соат 2 дақиқаю 39 сония кўрсаткич билан финалга йўл олган.

Энди яна бир муҳим маълумотга эътиборингизни қаратмоқчимиз. Маълумки, «Танк биатлони» мусобақаси 2 гуруҳда ўтказилаётган бўлиб, Ўзбекистон жамоаси унда иккинчи гуруҳдаги жамоалар билан баҳсга киришган. Бунда ҳар бир гуруҳдан алоҳида ғолиб ва совриндорлар номи аниқланади. Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган ҳарбий хизматчиларимизнинг натижаларини биринчи гуруҳда иштирок этиб, финалга йўл олган жамоалар кўрсаткичига таққослайдиган бўлсак, ўзбекистонликлар ҳар иккала гуруҳдан мусобақанинг финал босқичига йўл олган давлат вакиллари ичида 5-ўринни қайд этмоқда.

Ҳар иккала гуруҳнинг жами 25 иштирокчи давлати жамоасига таққослаганимизда эса Ўзбекистон умумий 6-ўринда бормоқда. Бу ҳали якуний натижа эмас. Ўзбекистонлик танкчилар баллар ҳисобида армия ўйинлари ташкил этилганидан бери мазкур йўналишда иштирок этиб келаётган Хитой жамоасини ҳам ортда қолдириб кетди.

Эслатиб ўтамиз, «Танк биатлони» мусобақасининг финал баҳси 15 август куни бўлиб ўтади.