Халқаро аҳамиятга эга М39 йўлидаги «Зарафшон» автомобиль ва темирйўл кўпригида биринчи маротаба Самарқанд шаҳридаги Қуролли Кучлар куч тузилмалари ҳамкорлигида катта масштабдаги тунги ва кундузги ўқув машғулотлари якунига етди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати маълум қилди.

Марказий ҳарбий округи қўшинлари қўмондонининг моддий-техник таъминоти бўйича ўринбосари раҳбарлигида ўтган 3 босқичдаги махсус ўқув машғулотларнинг биринчи куни «Зарафшон» темирйўли кўприги яқинида 300 метр масофада ҳаракатдаги поезд шартли равишда портлатилди.

«Зарафшон-Жомбой» йўналишида 3711 км. ПК9 нуқтасидаги жуфт йўлда тунги соат 02.30 да содир бўлган ҳолатни ўрганиш ва тезкор чоралар кўриш мақсадида, ИВВ ва ФВВнинг тезкор гуруҳлари етиб келди. Қисқа фурсатда хавф бартараф этилди. Издан чиққан вагонни рельсга қўйиш учун 350 тоннали кран ишга тушди. Ёнғин ўчирилди. Ярадорлар қутқарилиб, жой яна бир бор махсус кўрикдан ўтказилди.

2-босқичда тегишли Кучишлатар тузилмаларнинг тезкор бўлинмалари зиммасига халқаро аҳамиятга эга М39 йўлдаги «Зарафшон» автомобиль кўпригига ўрнатилган минани зарарсизлантириш ҳамда йўқ қилиш вазифаси юклатилди.

Дастлаб, минани ўрнатган шахслар жойлашган объект аниқланиб, уларни қўлга олиш бўйича йиғма махсус гуруҳ тузилди.

Юздан ортиқ хавфли миналарни зарарсизлантирган «Жасорат» медали соҳиби, Ички ишлар вазирлиги махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармаси отряд командири ўринбосари подполковник Жонибек Нуримов «Телегроп» русумли роботи ёрдамида миналарни музлатиб қўйди. Яъни роборт машина орқали портловчи воситанинг ишчи ҳолати тўхтатилиб, йўқ қилинди.

Ушбу ўқув машғулотларнинг 3-босқичи Самарқанд ҳарбий ҳаракатлар бўлими томонидан ўтказилиб, ҳарбий техникаларни ва моддий воситаларни темирйўл поездига юклаш ва ташиш каби тадбирларини ўз ичига олди.