Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев бир қатор ўта оғир жиноятларни амалга оширганликда гумонланмоқда. Бу ҳақда мамлакат бош прокурори Откурбек Жамшитов сешанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, дея хабар берди «Кабар» агентлиги.

Бош прокурор сўзларига кўра, мамлакатнинг собиқ раҳбари қуролдан фойдаланиш, оммавий тартибсизликларни ташкил этиш, терговга тўсқинлик қилиш, асирга олиш, қотиллик ва қотилликка уриниш каби жиноятларда гумон қилинмоқда.

Алмазбек Атамбаевни қўлга олиш операцияси вақтида қаршилик кўрсатган унинг тарафдорларига нисбатан ҳам бир нечта судга қадар тергов ҳаракатлари бошланди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Орозбек Опумбаев собиқ президент давлат тўнтарилишига тайёргарлик кўрганини маълум қилди. Унинг хабарига кўра, Атамбаев ўз уйида 500 киши, асосан болалар, аёллар ва кексаларни тўплашни мақсад қилган.

«Унга қон керак эди, ўшанда ҳукуматни айблар, давлат тўнтарилишини амалга ошира олар эди. Собиқ президентнинг уйидан нишончи милтиғи, тўппончалар, қурол-яроғ ва ўқ-дорилар топилди», — деди у.

Алмазбек Атамбаев даҳлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этилган ва 8 август куни ўтказилган махсус операция жараёнида Кой-Таш қишлоғидаги ўз қароргоҳида қўлга олинган эди.