Якшанба куни Тошкентда 1979 йилда Днепродзержинский осмонида рўй берган авиаҳалокатда вафот этган «Пахтакор» футбол клуби ўйинчилари хотирасига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди. 1979 йил 11 август юз берган фожиага 40 йил тўлди, дейилади жамоа матбуот хизмати хабарида.«Пахтакор» стадионидаги ёдгорлик олдида клуб раҳбарияти, ўша жамоа аъзоларининг оиласи ва яқинлари, мураббий ва мутахассислар, мухлислар, клублар, ЎФА ва ПФЛ вакиллари, «Пахтакор"нинг айни пайтдаги футболчилари жам бўлишди.

Дастлаб Мирзаҳаким Тўхтамирзаев, журналистлардан бири Владимир Сафаров, грузиялик футболчи Александр Чивадзе, ЎФА фахрийлар кенгаши раиси Наримон Жалолов ва бошқалар сўзга чиқиб, шонли жамоа аъзоларини ёдга олиб ўтишди.

Боткин қабристонида Идгай Тазетдиновнинг беваси Алла Тазетдинова, «Пахтакор» афсоналари Василис Хадзипанагис, Тўлаган Исоқов сўзга чиқишди. Исоқов ўзи билан бирга ўйнаган жамоадошларини тарбиялаган инсонлар олдида тиз чўкиб, уларга миннатдорчилик бидирди. Таниқли журналист Мавлон Шукурзода, Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, «Пахтакор» футбол клуби бош директори Дмитрий Адисман ўша жамоа вакиллари ҳамиша қалбимизда мангу яшаши, уларнинг хотирасини ёд этиш, ҳар доим эсга олиш ҳақида айтиб ўтишди.

Тошкентда фожианинг 40 йиллиги арафасида «Пахтакор-79» жамоаси шарафига номланган кўча пайдо бўлди. Муқаддам «Пахтакор» ва Ўзбекистон Футбол ассоциациясига олиб борувчи бу кичик кўчанинг номи йўқ эди. Эндиликда у «Пахтакор-79″ деб аталади.