Бугун Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳридан «Ўзбекистон — Тожикистон — Хитой» йўналишида янги транспорт коридори бўйича тажриба-синов автокарвони йўлга чиқди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

«Термиз — Душанбе — Қашғар» йўналиши бўйича ташкил этилаётган ушбу автокарвон Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019 йил 6 апрелдаги «Юк ва йўловчи ташиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилмоқда.

Мазкур автокарвонда ҳар учала давлатдан иккитадан катта ҳажмли юк автомобиллари иштирок этмоқда. Бугун «Termez Cargo Centr» логистика терминалидан юк ортган жами 6 та автомобиль «Термиз (Ўзбекистон Республикаси) — Душанбе, Ваҳдат, Кўлоб, Қалъаи Хумб, Хоруғ, Кулма (Тожикистон Республикаси) — Қашғар (Хитой Халқ Республикаси) йўналишида ҳаракатланиб умумий ҳисобда 1422 км масофани босиб ўтади.