Фарғонада Риштон тумани мактабгача таълим бўлими мудири ўз хизмат ваколатига кирмаса-да, боғча мудираси лавозимига тайинлаш эвазига 1 минг 200 АҚШ долларини олмоқчи бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Риштон тумани мактабгача таълим мудири вазифасини бажарувчи Фарҳод Қорабоев (исм фамилияси ўзгартирилган) фуқаро Г. Т.ни Фарғона вилояти ҳудудидаги ёки Риштон туманидаги мактабгача таълим муассасаларининг бирига мудир лавозимига ишга киритиб қўйишни ваъда беради. Бу иш ўзининг хизмат ваколатига кирмаслигини яхши билса-да, нафс устун келди. Бу иш «қуруқ"қа битмаслиги, хизмати 1 минг 200 АҚШ долларини бўлишини айтиб, уни алдайди. Фуқаро Г. Т. бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга ариза билан мурожаат қилган.

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментнинг вилоят бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Риштон тумани мактабгача таълим бўлими мудири вазифасини вақтинча бажарувчи Ф.Қорабоев фуқаро Г. Т.ни боғчага мудир лавозимига ишга киритиб қўйиш эвазига фуқаро Н.Н.дан ўз хизмат хонасида кимёвий ишлов берилган минг (1000) АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

— Мамлакатимизда коррупцияга қарши кескин ва муросасиз кураш олиб борилмоқда, — дейди жиноят ишлари бўйича Риштон тумани суди раиси Н. Пайғамов. — Афсуски, баъзи бир раҳбарлар ўз мансабларини суиистеъмол қилиб, жирканч иллатга қўл урмоқда. Риштон тумани мактабгача таълим мудири вазифасини вақтинча бажарувчи томонидан содир этилган бу жиноят ҳам шундайлардан биридир. Суд томонидан мазкур жиноят иши кўриб чиқилиб, судланувчига тегишли жазо тайинланди.